Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармонида 2017 – 2021 йилларда мамлакатимиз тараққиётини янада жадаллаштиришга доир устувор вазифалар белгилаб берилди. Ҳаракатлар стратегиясидаги бешта устувор йўналишдан тўртинчиси ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган. Аҳоли фаровонлигини таъминлаш, бандлик, саломатликни муҳофаза қилиш, уй-жой масалалари қаторидан таълим-тарбия тизимини тараққий эттириш масаласи ҳам ўрин олган.

Фармонга биноан таълим ва илм-фан соҳасини янада ривожлантириш борасида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бунда халқ таълими тизимида кенг ислоҳотларни амалга ошириш орқали таълим-тарбия сифатини ошириш, янги мактаб бинолари барпо этиш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, уларни замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, ахборот-коммуникация технологиялари ва ўқув-методик қўлланмалар билан тўлиқ таъминлаш каби қатор масалалар амалга оширилиши кўзда тутилган. Умумий ўрта таълим сифатини тубдан оширишда қатор фанлар, жумладан, чет тиллар, математика, физика, информатика, кимё, биология фанларини чуқурлаштирилган тарзда ўқитишга алоҳида эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, шарт-шароитларини тубдан яхшилаш, педагог ва мутахассисларнинг малакасини юксалтириш, мактабгача таълимга болалар қамровини ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш каби долзарб вазифалар турибди. Халқ таълими вазирлиги жисмонан соғлом, руҳий ва интеллектуал ривожланган, теран фикр ва қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга, Ватанга содиқ ёшларни тарбиялаш, жамиятда уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни бажаришни режалаштирмоқда.

Биринчидан, мавжуд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни замон талаблари асосида такомиллаштириш лозим. Яъни, таълим тизимига қўйилаётган замонавий талаблардан келиб чиқиб, умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилади ҳамда "Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом"нинг янги таҳрирда қабул қилиниши режалаштирилган.

Шу билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг ташкилий тузилмалари ҳамда таълим муассасаларига методик хизмат кўрсатиш тизими  янада такомиллаштирилади.

Умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятига оид амалдаги меъёрий ҳужжатлар таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини янада ошириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилиб, мазмунан бойитилади.

Иккинчидан, ўқувчи-ёшларни ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик, қонунларга ҳурмат руҳида ўстириш, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, қатъий ҳаётий позицияга эга қилиб тарбиялаш борасида қатор устувор вазифалар амалга оширилади.

Шу мақсадда ўқитувчилар, ҳаётий тажрибага эга кексалар, маҳалла фаоллари кўмагида ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида китобхонликни, мутолаанинг инсон камолотидаги беқиёс ўрнини тарғиб этишга алоҳида аҳамият берилади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда таълим муассасаларида таниқли ёзувчи, шоирлар билан онлайн мулоқотлар, учрашувлар ташкил этилади. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда бадиий адабиётларнинг электрон нусхалари кенг миқёсда порталларга жойлаштириб борилади. Умумтаълим мактабларидаги кутубхоналар ва ахборот-ресурс марказларининг китоб фонди янги бадиий ва энциклопедик адабиётлар билан бойитилади.

Болаларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, турли нуфузли мусобақа ва беллашувлар, хусусан, "Умид ниҳоллари"да қатнашувчи спортчи-ўқувчиларнинг сафини кенгайтириш, уларнинг халқаро танловларда самарали иштирокини таъминлаш чоралари кўрилади.

Учинчидан, умумтаълим муассасаларида фанларни ўқитишнинг замонавий методологиясини яратиш ва амалиётга жорий этиш асосида таълим-тарбия сифати тубдан такомиллаштирилади. Бу йўналиш ниҳоятда кенг қамровли бўлиб, узвийлик, узлуксизлик ҳамда компетенциявий ёндашув асосида умумий ўрта таълимнинг янги давлат таълим стандартлари (ДТС) амалиётга жорий этилади.

Айтиш жоизки, айни пайтда узлуксиз таълим тизимида чет тилларни компетенциявий ёндашув асосида ўргатиш тажрибасидан келиб чиқиб, умумтаълим фанларининг ўқитилишини такомиллаштириш, дарслик ва ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини ишлаб чиқиш мақсадида умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими умумтаълим фанларининг такомиллаштирилган давлат таълим стандартлари тайёрланди. Мазкур муассасаларда узвий ўқитиладиган 18 та фан бўйича дарслик ва ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини бос¬қичма-босқич ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Тавсия этилаётган янги мазмундаги ДТСга асосан таълим умумтаълим фанларини ўрганишнинг бошланғич даражаси — А1 дан то умумтаълим фанларини ўрганишнинг ихтисослаштирилган даражаси — B1+ гача бўлган босқичларда амалга оширилади.

Таълим-тарбия жараёнида ўқувчиларда коммуникатив, ахборот билан ишлаш, ўз-ўзини ривожлантириш, ижтимоий фаол фуқаролик, миллий ва умуммаданий ҳамда математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан фойдаланиш компетенциялари шакллантириб борилади.

Ўқитиш жараёнига халқаро таълим талабларига мос бола шахсини ривожлантиришга йўналтирилган таълим методологияси жорий этилиб, фанлар йўналишида ўқитиш муаммоларига бағишланган форумлар мунтазам ташкил этиб борилади.

Юқори синфлар учун чет тили дарслик-мажмуалари такомиллаштирилади, педагогларнинг дарс жараёнида электрон қўлланма ва дарсликлар, виртуал лаборатория ишлари, таълимга оид ўйинлар ҳамда бошқа қўшимча электрон таълим ресурсларидан самарали фойдаланиши йўлга қўйилади.

Ушбу ишларни амалга ошириш учун умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, хусусан, аниқ ва табиий фанлар ўқитувчиларининг узлуксиз равишда касбий маҳоратини ошириб бориш тизими йўлга қўйилади.

Тўртинчидан, етук, маҳоратли ўқитувчиларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш чоралари кўрилади.

Бунинг учун халқ таълими тизимидаги раҳбар ва педагог кадрлар малакасини ошириш мазмуни ва сифатига қўйиладиган давлат талаблари такомиллаштирилади. Ўқув режа ва дастурлар мазмуни қайта кўриб чиқилиб, замон талабига мослаштирилади. Педагог кадрлар малакасини ошириш тизимидаги профессор-ўқитувчилар сифат таркиби ёш, илмий салоҳиятга эга кадрлар билан тўлдирилади. Педагогика институтларида таълим йўналишлари бўйича ихтисослик фанларини ўқитиш методикасининг янги ўқув дастурлари яратилади.

Бешинчидан, мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш муҳим стратегик вазифалардандир.

Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги "2017–2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар бу борадаги ишларнинг асосини ташкил қилади.  Жумладан, қишлоқ аҳоли пунктларида 50 та янги мактабгача таълим муассасасини қуриш, мавжуд муассасаларнинг 1167 тасини реконструкция қилиш ва 983 тасини мукаммал таъмирлаш ҳамда уларни замонавий талаблар асосида инвентарь, ўқув-методик қўлланма ва зарур анжомлар билан таъминлаш ор¬қали жами 2200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базаси мустаҳкамланади.

Таълим-тарбия жараёнига халқаро тажрибалар асосида янги дастурлар жорий этилиб, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражаси сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилади. МТМларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, уларнинг сифат таркибини яхшилаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими янада такомиллаштирилади. Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017–2021 йилларга мўлжалланган дастур доирасида болаларни мактабга тайёрлашнинг муқобил шакли бўлган 6100 та қисқа муддатли гуруҳ очилади. 3–6 ёшдаги мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган фарзандлари бор 400 минг оила методик қўлланмалар билан таъминланади.

Олтинчидан, халқ таълими бошқаруви идоралари ва таълим муассасаларида ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш муҳим вазифа сифатида белгиланади.

Халқ таълими бошқаруви идоралари раҳбарларининг виртуал қабулхоналари ишга туширилади, жойларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ташкил этилади. Жисмоний ва юридик шахс¬ларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда тизимда интерактив хизматлар кўрсатиш сифати янада яхшиланади.

Умуман олганда, Президентимизнинг мазкур фармонида белгилаб берилган устувор вазифалар халқ таълими тизимини жадал ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук, соғлом ва баркамол авлод бўлиб вояга етиши эса юртимиздаги минглаб ота-оналарни қувонтириши баробарида давлатимизнинг келажакдаги юксак тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиши шубҳасиз.

 

Маъруф ВАҲОБОВ,
Халқ таълими вазирлигининг таълим
муассасаларида ўқув-тарбия жараёнини
ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи,
педагогика фанлари доктори

23.02.2017 00:00:00