Истиқлол йилларида мамлакатимизда таълим тизими тубдан ислоҳ этилиб, эртанги кунимизнинг муносиб давомчилари бўлган баркамол авлодни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қабул қилинган соҳага оид қонунлар, фармонлар, давлат дастурларига биноан кўплаб таълим муассасалари янгидан қурилди, таъмирланди, энг замонавий ўқув анжомлари билан таъминланди.

Мамлакатимиздаги мактабгача таълим муассасаларида олиб борилаётган ислоҳотлар, умумтаълим мактабларида таълим-тарбия самарадорлигини оширишнинг замонавий усуллари, келгусидаги режалар хусусида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Дониёров билан суҳбатлашди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ота-оналар, педагоглар, бутун халқимизни мамнун этди. Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– 2017-2021 йилларга мўлжалланган кенг кўламли комплекс тадбирларни амалга оширишни кўзда тутадиган мазкур қарор ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлоднинг ҳар томонлама соғлом, юксак маънавиятли бўлиб камол топиши йўлидаги муҳим ҳужжатдир. Унда болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш белгиланган. 2200 мактабгача таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ жойларда янги мактабгача таълим муассасалари қуриш, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган инвентарь, жиҳозлар, ўқув-методик қўлланма ва мультимедиали воситалар билан таъминлаш режалаштирилган. Янги лойиҳа асосида бунёд этиладиган муассасаларда қулай шароитга эга ёзги айвончалар, сузиш бассейнларини қуриш кўзда тутилган. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун жами 2,2 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Дастур доирасида 5-6 ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича муқобил шаклларни яратиш ва ривожлантириш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилади. Мамлакатимиз мактабгача таълим муассасаларида 6 минг 100 қисқа муддатли гуруҳ ташкил этилади. Уларни, биринчи навбатда, қишлоқ жойларда ташкил этишга эътибор қаратилади. Бундай гуруҳларда мактабгача ёшдаги болалар учун турли ривожлантирувчи амалий машғулотлар олиб борилади. Шу асосда ҳар йили 305 мингдан ортиқ 5-6 ёшдаги болани мактаб таълимига тайёрлаш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, мактабгача таълимга қамраб олинмаган 3-6 ёшли болаларнинг ота-оналарини методик қўлланмалар билан таъминлаш ва улар билан тушунтириш ишларини олиб бориш орқали мактаб таълимига тайёрлашнинг муқобил тизими ҳам жорий этилади. Қарор билан белгиланган комплекс тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида болаларнинг мактабгача таълимга қамрови 1,5 баробарга ошади. 2021 йилга келиб мамлакатимизда мактабгача таълим муассасалари 1 миллион 109 мингдан ортиқ болани қамраб олиш имкониятига эга бўлади.

2017 йилда илғор хорижий мамлакатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда мактабгача таълим-тарбия тизими учун муқобил дастурлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ қилинади. Янгиланган дастурлар болаларни мактабга янада сифатли тайёрлашга, уларнинг интеллектуал қобилияти ва мантиқий фикрлаш салоҳиятини юксалтиришга, олдингидан фарқли равишда ёзиш ва ўқишни янада яхшироқ ўрганишига хизмат қилади.

– Президентимиз мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ўқув режа ва дастурларни тубдан қайта кўриб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бу борадаги вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан режалаштирилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталсангиз.

– Фан ва техника ютуқларини, замонавий ахборот технологиялари янгиликларини инобатга олган ҳолда умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун 18 умумтаълим фанидан давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари такомиллаштирилди. Ушбу давлат таълим стандартлари асосида босқичма-босқич дарслик ва ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини такомиллаштиришда умумэътироф этилган халқаро меъёрлардан кенг фойдаланилади.

Таълим мазмуни умумий ўрта таълимнинг ўқув дастурларига киритилган мавзулар асосида таълимнинг барча турларида узвийлик, узлуксизлик ва даврийликни таъминлайди. Ўқитувчи, ўқувчи ва ота-оналар учун ўқув-методик материаллар, мультимедиали ахборот-таълим ресурслари ишлаб чиқилиб, ўқув-тарбия жараёнига татбиқ этилади.

Таълим-тарбия жараёнига принципиал янги ёндашувнинг жорий этилиши орқали ўқувчиларда олган билимларини амалиётда тўғри қўллай олиш, фаол фуқаролик позициясига эга бўлиш, мустақил ижодий фикрлаш каби кўникмалар ривожлантирилади.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони билан тараққиётимизнинг келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилди. Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида таълим тизимида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар, белгиланган вазифалар ҳақида маълумот берсангиз.

– Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши – давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани тараққий эттириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш бўйича аниқ, ҳаётий ислоҳотлар, уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Ҳаракатлар стратегиясидаги бешта устувор йўналишдан тўртинчиси ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган. Аҳоли фаровонлигини таъминлаш, бандлик, саломатликни муҳофаза қилиш, уй-жой масалалари қаторидан таълим-тарбия тизимини тараққий эттириш масаласи ҳам ўрин олган.

Фармонга биноан таълим ва илм-фан соҳасини янада ривожлантириш борасида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бунда халқ таълими тизимида кенг ислоҳотларни амалга ошириш орқали таълим-тарбия сифатини ошириш, янги мактаб бинолари барпо этиш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, уларни замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, ахборот-коммуникация технологиялари ва ўқув-методик қўлланмалар билан тўлиқ таъминлаш каби қатор масалалар амалга оширилиши кўзда тутилган. Умумий ўрта таълим сифатини тубдан оширишда қатор фанлар, жумладан, чет тиллар, математика, физика, информатика, кимё, биология фанларини чуқурлаштирилган тарзда ўқитишга алоҳида эътибор қаратилади.

– Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури доирасидаги вазифалар ижроси, яъни ота-оналар, педагоглар билан мулоқот, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ўз вақтида ҳал этиш масалалари халқ таълими тизимида қандай амалга оширилади?

– Халқ таълими вазирлиги жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, хусусан, ҳар бир фуқаронинг ахборот олишга бўлган қонуний ҳуқуқларини таъминлаш масаласига доимий эътибор қаратиб келмоқда. Халқ таълими вазирлиги фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, юртдошларимизнинг соҳага оид таклиф, мулоҳаза ва аризаларини зудлик билан кўриб чиқиш, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида 1006 қисқа рақамли “ишонч телефони”дан ташқари, 2016 йилнинг 28 ноябридан халқ таълими вазирининг виртуал қабулхонаси (www.vazir.uzedu.uz) ишга туширилди.

Халқ таълими вазирлигига, шу жумладан, виртуал қабулхонага мурожаатлар амалдаги қонун талаблари асосида қабул қилиниб, ўрнатилган тартибда ва қонун билан белгиланган муддатларда кўриб чиқилмоқда. Рақамларни таҳлил этадиган бўлсак, 2016 йилда Халқ таълими вазирлигига фуқаролардан 5,5 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шунинг 1 минг 218 таси Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси орқали келган. 3 минг 764 мурожаатга ўрнатилган тартибда жавоб қайтарилди, 1 минг 481 мурожаат бўйича фуқароларга тушунтириш ишлари берилди. 380 мурожаат ўрганилмоқда, 151 таси асосли рад этилди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари вазирлик раҳбариятининг доимий назоратига олинган бўлиб, ишлаб чиқариш ва ҳайъат йиғилишларида мурожаатлар ҳамда уларда кўтарилаётган муаммолар муҳокама қилиб борилмоқда. Мурожаатлар мазмуни таҳлил этилиб, энг кўп ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушаётган масалалар – иш билан таъминлаш, таълим муассасасига ўқишга кириш ва жойлаштириш, мактабгача таълим муассасалари фаолияти, таълим-тарбия мазмунини такомиллаштириш, мактабларда дарс тақсимоти бўйича муаммоларнинг олдини олиш чоралари кўрилаётир. Мурожаатлар географияси таҳлил қилиниб, мурожаатлар нисбатан кўп келиб тушаётган ҳудудларда “Сайёр қабул кунлари”, “Очиқ эшиклар куни” каби тадбирлар ўтказилмоқда.

www.uza.uz

22.02.2017 00:00:00