Жорий йилнинг 28 декабридан бошлаб умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари қишки таътилга чиқишди. Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, у асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Таътил кунларида ўқувчи-ёшлар учун болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида спорт секцияларининг ҳамда “Баркамол авлод” болалар марказларида тўгаракларнинг тўлиқ ишлаши таъминланган.

Шунингдек, республикадаги барча умумий ўрта таълим мактабларига ўқувчиларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда хорижий тилларни ўргатиш, турли фанлардан тўгараклар ва спорт машғулотларини қишки таътил вақтларида узлуксиз ишлашини таъминлаш вазифаси топширилган. Умумий ўрта таълим мактабларидаги барча тўгараклар бепул.

Қишки таътил кунларида 5-9-синф ўқувчилари ўртасида “Билимлар беллашуви”нинг мактаб ҳамда “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг туман (шаҳар) босқичи ўтказилади.

Таълим муассасаларида “Янги йил” байрамлари билан бир қаторда турли хил кўрик-танловлар, маданий-маърифий тадбирлар ҳамда ижодий кўргазмалари ўтказилмоқда. Жумладан, “Баркамол авлод” болалар марказларида байрам кайфиятини берувчи турли маданий-маърифий тадбирларда ижодий кўргазмалар ташкил этилмоқда. Чет тили  тўгараклари аъзолари ўртасида “My interesting holiday” мавзусида сўз ўйинлари ўтказилмоқда.

Шунингдек, ахборот-ресурс марказларида ўқувчилар ўртасида “Қишки таътил китобхони” номинацияси бўйича таътилда энг кўп китоб мутолаа қилган ўқувчилар тақдирланадилар. Ресурс марказларида ижодкор ўқувчилар ўртасида “Қиш зийнатини мадҳ этаман” мавзусида шеърий кечалар ва танловлар ташкил этилади.

Бир сўз билан айтганда 28 декабрдан 12 январгача бўлиб ўтадиган қишки таътил вақтида ўқувчилар бўш вақтларини мароқли ўтказадилар.  

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

04.01.2016 00:00:00