Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари бугун ўз номи билан болалар ва ўсмирларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш марказларига айланган. Қолаверса, иқтидорли чемпионларни тарбиялаш, терма жамоаларга малакали спортчиларни етказиб беришда ҳам ана шу муассасаларнинг ўрни алоҳида бўляпти.

2015 йил 5-7 сентябрь кунлари Жанубий Кореяда бўлиб ўтган Бутунжаҳон жанг санъатлари фестивалида Наманган шаҳридаги 34-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси Муниса Хушназарова ҳамда Наманган туманидаги 35-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчиси Давлатбек Ҳошимов миллий терма жамоамиз сафида бош совринни қўлга киритдилар.

Наманган вилояти бўйича ҳозирда халқ таълими бошқармаси тизимида 37 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолият юритмоқда. Уларга 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 25,5 минг нафардан зиёд ўқувчилар қамраб олинган. Ҳар томонлама баркамол, соғлом улғаяётган ўғил-қизларнинг ютуқлари уларнинг ота-оналарини ҳам қувонтирмоқда.     
            
Миллий ва олимпия спорт турлари бўйича юқори натижага эришаётган спортчиларнинг асосий қисми айнан болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ўқувчиларидир. Уларнинг мунтазам машғулотлари учун яратилаётган мукаммал шарт-шароитлар чемпионлар сафи кенгайиб, ўзларини намоён этаётган ёш иқтидорлар етишиб чиқишида муҳим омил саналади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

15.09.2015 00:00:00