Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 3 майдаги қарорида ўқувчи-ёшларни илм эгаллашга бўлган иштиёқи ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, халқаро фан олимпиаларда муваффақиятли иштироки орқали халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузини янада юксалтириш мақсад қилинди.

Шу мақсадда, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Хоразм вилоятида ташкил этилаётган Аҳмад ал-Фарғоний номидаги физика олимпиадаси Халқаро фан олимпиадаларига Ўзбекистон терма жамоасини шакллантириш бўйича саралаш босқичларидан бири ҳисобланади.

Ушбу олимпиадада 2018-2019 ўқув йилида ҳудудий халқ таълими ва касб-ҳунар таълими бошқармалари томонидан ўтказилган асосий фан олимпиадасининг III босқичида ғолиб бўлиб (1-2-3-ўрин), ҳозирги кунда умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синф, академик лицейларнинг 1- ва 2-босқич ҳамда касб-ҳунар коллежларининг 3-босқичида таҳсил олаётган 100 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчилар иштирок этади.

Физика олимпиадасига Аҳмад ал-Фарғоний номининг берилиши бежиз эмас. Буюк аллома Аҳмад ал-Фарғоний физика, астрономия ва математика фанлари ривожига катта ҳисса қўшган мутафаккир ҳисобланади. Ўз давридаги аниқ фанларнинг деярли барча соҳаларида тадқиқотлар олиб бориб, юзга яқин асарлар яратган. "Юлдузлар илми усули китоби" асари, “Етти иқлимни ҳисоблаш ҳақида”, “Ойнинг Ер остида ва устида бўлиш вақтларини аниқлаш ҳақида рисола”, “Қуёш соатини ясаш ҳақида китоб” қўлёзмалари илм-фан тараққиётида муҳим ўрин тутади.

Олимпиада ғолиблари Халқ таълими вазирилиги ва Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан пул мукофотлари билан тақдирланади ҳамда 2020 йилда Литванинг Вильнюс шаҳрида ўтказиладиган 51-халқаро физика олимпиадасида (IPhO-2020) иштирок этувчи миллий терма жамоасини шакллантириш бўйича саралаш босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Қўшимча республика олимпиадаси иштирокчилари орасидан энг юқори балларни тўплаган дастлабки 20 нафар иштирокчилар иқтидорли ўқувчилар заҳирасига қабул қилинади ва улар бевосита халқаро физика олимпиадасининг саралаш босқичларида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

07.11.2019 15:15:07