Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўқувчи-ёшларни илм эгаллашга бўлган иштиёқи ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, халқаро фан олимпиадаларда муваффақиятли иштироки орқали халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузини янада юксалтириш мақсад қилинди.

 

Жорий йилнинг 30 октябрь куни Фарғона вилоятида бўлиб ўтган Абу Райҳон Беруний номидаги кимё олимпиадаси Ўзбекистон терма жамоасини Халқаро фан олимпиадаларига шакллантириш бўйича саралаш босқичларидан бири ҳисобланади.

Ушбу олимпиадада 2018-2019 ўқув йилида ҳудудий халқ таълими ва  касб-ҳунар таълими бошқармалари томонидан ўтказилган асосий фан олимпиадасининг III босқичида ғолиб бўлиб (1-2-3-ўрин), ҳозирги кунда умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синф, академик лицейларнинг 1- ва 2-босқич ҳамда касб-ҳунар коллежларининг 3-босқичида таҳсил олаётган 100 нафарга яқин иқтидорли ўқувчилар иштирок этди.

Қизғин баҳслардан сўнг олимпиада ғолиблари аниқланди. Жумладан, 1-ўрин Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Мирумид Миракбаровга, 2-ўрин Бухоро шаҳридаги 35-мактаб ўқувчиси Фирдавс Собировга, 3-ўрин эса Ғузор туманидаги 68-ДИМИ ўқувчиси Қобул Хайитовга насиб этди.

Ғолиб ўқувчилар жами 56,9 млн. сўм (ўқитувчилари эса 43,5 млн. сўм) пул мукофоти ҳамда диплом билан тақдирланди.

Мазкур олимпиада ғолиблари 2020 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказиладиган 52-халқаро кимё олимпиадасида (IСhO-2020) иштирок этувчи миллий терма жамоасини шакллантириш бўйича саралаш босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Шунингдек, иштирокчилар орасидан энг юқори балл тўплаган дастлабки 20 нафари иқтидорли ўқувчилар захирасига қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, биргина 2019 йилнинг ўзида Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган 51-Халқаро кимё олимпиадасида (IСhO) ўқувчи-ёшларимиз 2 та кумуш, 2 та бронза медалларини қўлга киритишди. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро Менделеев олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 3 та кумуш, 1 та бронза медаллари билан тақдирланди.

02.11.2019 08:33:00