Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 3 майдаги қарорида ўқувчи-ёшларни илм эгаллашга бўлган иштиёқи ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, халқаро фан олимпиадаларда муваффақиятли иштироки орқали халқаро майдонда мамлакатимизнинг нуфузини янада юксалтириш белгиланди.

Бу борада ўқувчиларимиз Ўзбекистон жамоаси таркибида Жорий йилнинг 11-22 июль кунлари Буюк Британиянинг Бат шаҳрида бўлиб ўтган 60-Халқаро математика олимпиадасида (IMO) 1 та бронза медали ва 3 та дипломни қўлга киритишди.  1-6 август кунлари эса Жанубий Африканинг Дурбан шаҳрида юниорлар орасида бўлиб ўтган Халқаро математика мусобақасида (IMC) Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 1 та кумуш, 12 та бронза медаль ва 2 та диплом билан тақдирланди.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Халқаро фан олимпиадаларига тайёргарлик сифатида биология, математика, кимё, физика ва информатика фанларидан қўшимча республика олимпиадалари ўтказилиши белгиланди. Иштирокчилар орасидан энг юқори балл тўплаган дастлабки 25 нафари Ўзбекистон терма жамоасининг саралаш босқичларида қатнашади.

Шу мақсадда, илк бор Мирзо Улуғбек номидаги республика математика олимпиадаси 25-26 октябрь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилмоқда.

Мирзо Улуғбекнинг жаҳон илм-фани, айниқса астрономия ва  аниқ фанлар ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс. Келажакда юртимиздан буюк алломаларга муносиб авлодлар етишиб чиқиши мақсадида математика олимпиадасига Мирзо Улуғбек номи берилиши алоҳида аҳамиятга эга.

Сўнгги йилларда Бухоро вилоятидан кўплаб республика ҳамда халқаро математика олимпиадалари совриндорлари ва ғолиблари етишиб чиқмоқда. Бухоро тажрибасининг яратилиши ҳамда вилоят ҳокимлигининг бу борада олиб бораётган саъй-ҳаракатлари ва иқтидорли ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлашини ҳисобга олиб, олимпиада Бухоро шаҳрида ўтказилиши белгиланган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 30 октябрь куни Фарғона вилоятида Абу Райҳон Беруний номидаги кимё, 9 ноябрь куни Хоразм вилоятида Аҳмад ал-Фарғоний номидаги физика, 16 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ал-Хоразмий номидаги информатика ва ахборот технологиялари олимпиадаларини ўтказиш режалаштирилди.

Азиз ўқувчилар, ушбу республика фан олимпиадаларида иштирок этиб, Халқаро фан олимпиадаларида Ўзбекистон терма жамоаси сафида қатнашиш имкониятини қўлдан бой берманг.

25.10.2019 18:50:00