Жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида республика миқёсида “Умумтаълим мактабларида 5 ташаббус” фестиваллари ўтказилади.

Мазкур фетиваль ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маънавиятини юксалтириш, маданий савиясини ривожлантириш ва спортга жалб этиш, ахборот-технологиялари ҳамда китоб мутолаасига бўлган қизиқиш уйғотиш, ўқувчи-қизларни ижтимоий фаол ҳаётга жалб этиш мақсадида ташкил этилмоқда.

5 та ташаббус доирасида бўлиб ўтадиган фестиваллар қуйидаги йўналишларни қамраб олади:

а) маданият ва санъат – хор жамоалари, театр студиялари, вокал, миллий рақс, мусиқа чолғучилиги тўгаракларининг тақдимотлари, қувноқлар ва зукколар;

б) жисмоний тарбия ва спорт – бадантарбия машғулотлари, жамоавий ўйин турлари, гимнастрадалар, шахмат, шашка ва бошқа спорт турларидан секциялар тақдимотлари;

д) компьютер технологиялари – компьютер ўйинлари (киберспорт), дастурлаш, робототехника ва инженерлик тўгаракларининг тақдимотлари;

э) китобхонлик – китобхонлик кечалари, давра суҳбатлари, баҳру байт, энг фаол китобхон ўқувчи, китобхонлик клублари ўртасида заковат интелектуал ўйинлари, китоб тақдимотлари, китобхонлик акциялари;

ф) қизларни ижтимоий фаол ҳаётга жалб этиш – қизларжон клубларининг фаолияти, пазандачлик, қандолатчилик, тикувчилик тўгараклари тақдимотлари, ҳунарманд қизларнинг “Hand made” кўргазмалари.

Юқоридаги йўналишлар бўйича октябрь-ноябрь ойларида умумтаълим мактабларида 5 та ташаббусни ўз ичига қамраб олган тармоқ тадбирлари ўтказилади. Тадбирларда  олинган фото ва видеолавҳалардан 5 та беш дақиқадан ортиқ бўлмаган видеороликлар тайёрланади. Уларни жорий йилнинг 1 декабрь кунига қадар #maktabimizda_5_tashabbus_fest xeshtegi билан facebook.com ижтимоий тармоғида очилган 5tashabbus_maktabda гуруҳига жойлаштирилади.

Видеороликлар жорий йилнинг 10 декабрига қадар гуруҳда жамоатчилик фикри ва Халқ таълими вазирлигида тузилган Ишчи гуруҳи томонидан қуйидаги мезонлар асосида кўриб чиқилади:

а) жамоатчилик томонидан билдирилган фикрлар;

б) видеоролик жойлаштирилган ҳаволага босилган ёқтириш белгилари (лайклар);

д) видеороликнинг улашилганлиги сони;

э) видеороликнинг сифатлилиги;

ф) тармоқ тадбирларининг белгиланган тартибда ва юқори даражада ўтказилганлиги;

г) ўқитувчи ва ўқувчиларнинг жалб қилинганлиги;

ҳ) ижодий ёндашув ва оригинал ғоялар асосида амалга оширилганлиги;

и) ўқувчиларга ривожлантирувчи ҳамда мотивацион таъсир хусусияти;

ж) амалга оширилган ишларнинг натижадорлиги;

к) умумтаълим мактабида 5 та ташаббусни жорий этилганлигини видеороликда кўрсатиб бера олганлиги.

Видеороликлар 100 баллик тизимда, кўрсатилган мезонлар асосида ҳар бир мезон учун 10 баллдан баҳоланади.

5 та ташаббус йўналишлари бўйича ҳар бир ҳудуддан энг яхши деб топилган 15 тадан, жами 210 та видеоролик ғолиб деб эълон қилинади.

Фаол иштирок этган умумтаълим мактаблари муносиб рағбатлантирилади.

Ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими 23-27 декабрь кунлари ўтказилади. Ғолиб деб топилган умумтаълим мактаблари Халқ таълими вазирининг махсус диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.

25.10.2019 17:15:00