Халқ таълими муассасаларида таълим сифатини ошириш бўйича “Тошкент тажрибаси”ни жорий этишга оид Ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокама учун regulation.gov.uz саҳифасига қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида жорий йилнинг 23 август куни ўтказилган йиғилишда таълим сифатини ошириш, хусусан, пойтахт - Тошкент тажрибасини республикамизнинг бошқа ҳудудларида оммалаштириш  юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилди. 
Мазкур вазифалар доирасида олий таълим муассасалари билан умумий ўрта таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш орқали, педагог кадрлар тажрибаси, салоҳиятини ошириш;

Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасаларини тўлиқ юқори малакали олий маълумотли педагог кадрлар билан таъминлаш;
олий таълим муассасаларидаги чет тили кафедраларининг профессор ўқитувчиларни мактабларга методик ёрдамини ташкил этиш орқали мактабларда фаолият кўрсатаётган инглиз тили ўқитувчиларининг барчасини C1-CEFR даражасига олиб чиқиш;

умумий ўрта таълим муассасаларида босқичма-босқич ёшларнинг ахборот коммуникация технологиялар соҳаси бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган “IT-Nation” лойиҳасини амалга ошириш;

ўқувчиларда фундаментал билимларни амалий тажрибалар асосида мустаҳкамлашга, уларни илмий ижодкорлик ва мустақил тадқиқотларга йўналтиришга қаратилган мактаблараро STEAM лаборатория марказларини lab-sharing тамойили асосида ташкил этиш;

умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг халқаро баҳолаш тадқиқотларига (PISA, PIRLS, TIMSS) тайёргарлаш ишларини янада кучайтириш;

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб инклюзив таълимга жалб қилинган ўқувчилар мавжуд бўлган бошланғич синфларга “ассистент-ўқитувчи” лавозимини жорий этиш;

умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларни халқаро фан олимпиадалари ва мусобақаларига тайёрлашга ихтисослаштирилган республика мактаб-интернатини ташкил этиш белгиланган.

2020 йил 1 январдан бошлаб, Тошкент шаҳар халқ таълими ходимлари меҳнатини қўшимча рағбатлантириш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ойлик маошларини ошириш чораларини кўриш назарда тутилган.

25.10.2019 16:12:00