Жорий йилнинг 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагоглар малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда халқ таълими ходимларининг касбий салоҳиятини узлуксиз ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш вазифаси берилди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан юқоридаги топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида «Халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор лойиҳасига кўра, мактаб ўқитувчиларининг касбий ривожланишларини таъминлайдиган узлуксиз малака ошириш тизимини амалиётга жорий этиш бўйича қуйидагилар белгиланди:

Халқаро андозаларга асосланиб, халқ таълими тизимидаги педагогларнинг компетенциялари даражасини белгиловчи ягона касбий стандарт ва баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш;

умумтаълим мактабларида педагогик фаолият юритиш ҳуқуқини бериш бўйича лицензиялаш механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда уни босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида жорий этиш;

халқ таълими ходимларининг мустақил равишда малака оширишларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг касбий эҳтиёжларини эътиборга олиш имкониятини берадиган малака оширишнинг кредит-модул тизимини жорий этиш;

амалдаги методист лавозимини тугатган ҳолда ўқитувчиларнинг касбий фаолиятини доимий ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида “ментор” лавозимини жорий этиш ҳамда уларнинг ойлик иш ҳақини олий тоифали ўқитувчи маошига нисбатан 1,35 баравар кўпроқ этиб белгилаш.

Президент қарори лойиҳасига кўра, А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти негизида А.Авлоний номидаги халқ таълими вазирлиги академиясини ҳамда Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари негизида Педагогик маҳорат институтларини ташкил этиш;

Академияда малакали ва иқтидорли амалиётчи педагоглар таркибидан янги замон таълим бошқарувчиларини тайёрлаш мақсадида ташкил этиладиган “Таълим менежменти” ва “Катталар таълими” (Андрогогика) мутахассисликлари бўйича 1 йиллик магистратура ташкил этиш каби масалалар таклиф этилди.

Бугунги кунда халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизими бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарор лойиҳаси тайёрланиб, ўрнатилган тартибда вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.

“Халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси муҳокамаси 8 ноябрь кунига қадар давом этади. Ҳужжатни янада такомиллаштириш учун ўз таклифларингизни тақдим этишингизни сўраймиз.

25.10.2019 14:28:00