Бухоро шаҳридаги 30-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишлаб “Ўзбек тили таълимидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида вилоят илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбир Бухоро давлат университети, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ва халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Конференцияда Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишининг тарихий аҳамияти, тилнинг жамият ижтимоий ҳаётидаги ўрни ва расмий ҳужжатларни юритишда давлат тилидан фойдаланиш тартиблари тўғрисида маъруза қилди. Конференция 3 та шўъбада ўз ишини олиб борди. Шўъбаларда умумий ўрта, олий таълим ва малака ошириш тизими ўртасидаги узвийлик асосида давлат тилини ўқитиш масалалари бўйича тренинг ташкил этилди. Ўзбек тилини ўқитишда ҳамкорликни кучайтириш, айниқса, жамоатчиликнинг ролини ошириш ва таъсирини кучайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, шўъбаларда она тилимизнинг нуфузини ошириш, уни ўқитишнинг илмий-назарий муаммолари, ўзбек тили методикасига инновацияларни жорий этиш ва фанлараро интеграцияни ташкил этиш масалалари муҳокама қилиниб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

24.10.2019 14:56:00