Каттақўрғон шаҳридаги 14-умумтаълим мактабида “Таълим муассасаларида ўқув-методик фаолиятни ташкил этиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўллари” мавзусида ўқув-семинар машғулотлари ташкил этилди.

Семинарда Каттақўрғон шаҳар ҳокими ўринбосари, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари, Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институти ҳамда шаҳар халқ таълими бўлимлари вакиллари, Каттақўрғон шаҳридаги умумтаълим мактабларининг директор ва ўқитувчилари иштирок этди.

Дастлаб иштирокчилар таълим муассасасида ўқувчи-ёшларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун яратилган шарт-шароит билан танишишди. Сўнгра Президентимиз томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида ўқувчиларнинг санъат, спорт, компьютер саводхонлиги, китобхонлик, хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалалари бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича батафсил маълумот берилди. 

Шунингдек, мактабнинг тажрибали ўқитувчилари томонидан ташкил этилган очиқ дарс ва тўгарак машғулотларини кузатилиб, ўзаро тажриба алмашилди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов Самарқанд вилоятининг таълим тизимидаги рейтинг натижаларини таҳлил қилиб, мавжуд муаммо ва уларни бартараф этиш масалаларига тўхталиб ўтди.

Йиғилишда вилоят халқ таълими тизимида фаолият юритаётган методистларнинг асосий вазифалари, методик хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, ўқитувчилар ўртасида билимлар синовини ташкил этиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича маърузалар тингланди.

22.10.2019 16:17:27