Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчилар касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда таълим-тарбия соҳасида замонавий усулларни қўллаш ишларини ташкиллаштириш мақсадида Шаҳрихон туманидаги 1-умумтаълим мактабида барча таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда Президентимиз томонидан таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар нуфузини ошириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти ва таълим соҳасидаги янгиликлар тўғрисида тушунчалар берилди. Шунингдек, тумандаги умумтаълим мактаблари директорларидан олинган диктант натижалари таҳлил этилиб, муҳокама қилинди. Давлат тилига бўлган эътиборни янада кучайтириш, давлат тили бўйича саводхонликни ошириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилиш якунида таълимдаги ислоҳотлар, таълим соҳасида қабул қилинган Фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича директорлар кенгашини ташкил этиш, улар учун ҳар чоракда ўқувлар ташкил этиш, методик кунларни ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди.

Бундан ташқари, тумандаги 62-умумтаълим мактабида кимё ва биология фани ўқитувчилари учун “Кимё, биология фани ўқитилишининг самарадорлигини ошириш” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.

Семинарда Алишер Умаров «STEAM» дастуридан фойдаланган ҳолда фанларни ўқитиш, лаборатория дарсларида замонавий усул ва услублардан фойдаланиш бўйича таклиф ва тавсиялар берди. Шунингдек, ўқувчи ва ўқитувчилар билан суҳбатлар ўтказилди. Уларга таълим сифатини ошириш, кенг жамоатчиликни жалб этиш, фан тўгаракларини мунтазам ташкил этиб бориш,  юқори тажрибага эга бўлган ўқитувчиларни ёш педагогларга устоз-шогирд сифатида бириктириш, дарс жараёнларида вазирликнинг инновацион тавсияларидан кенг фойдаланиш, замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

17.10.2019 18:21:00