Жорий йилнинг 13 октябрь куни Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳрида Халқ таълими вазирлиги, Бухоро Давлат Университети ва Италиянинг Пиза Университети ҳамкорлигида “Очиқ математика олимпиадаси” ўтказилди.

Олимпиада буюк математик олим ал-Хоразмий издошларини аниқлаш, уларнинг математика фанига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш ва уларнинг математик саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилди.

Олимпиадада мамлакатимизнинг турли вилоятларидан 1200 дан ортиқ ўқувчилар иштирок этишди. Олимпиада иккита йўналишда: 7-9 синфлар  (1-йўналиш) ва 9-11 синфлар (2-йўналиш) ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтди. Иштирокчиларга 5 та масала ва ушбу масалаларни ечиш учун 4 соат вақт ажратилди. Ҳар бир масала 7 баллик тизимда баҳоланди.

Ўқувчилар томонидан бажарилган ишлар Италиянинг Пиза Университети ва Бухоро Давлат Университетининг профессор ўқитувчилари, Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаментининг етакчи мутахассислари ҳамда Халқаро математика олимпиадаларида ғолиб бўлган малакали математиклар томонидан текширилди.

Таълим муассасаларининг 7-9-синф ўқувчилари ўртасида 1-ўринга Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги 185-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Комилов Самандар муносиб кўрилган бўлса, 9-11 синфлар ўртасидаги яна бир ғолиблик Сурхондарё вилояти, Термиз туманидаги 14-мактабнинг

11-синф ўқувчиси Исматов Абдуллога насиб қилди. Ғолиблар Халқ таълими вазирлигининг диплом ва медаллари билан тақдирланди. Шунингдек, иштирокчилар орасидан “Ўзига хос ечим”, “Энг яхши ғоя” ва бошқа номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.

16.10.2019 11:08:00