Аввал хабар қилганимиздек, Президентимиз томонидан илгари сурилган таълим сифати бўйича Сирдарё вилоятини намунали ҳудудга айлантириш ташаббуси доирасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур ташаббус доирасида вилоятдаги таълим муассасаларида таълим-тарбия сифатини ошириш бўйича “Йўл хариталари”да кўзда тутилган мактаблардаги реал ҳолат ва ўқитувчиларнинг билим даражаларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 3 октябридан эътиборан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан мактаб ўқувчиларининг билим даражасини баҳоланмоқда. Шу кунга қадар инспекциянинг ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги 135 та (43,7%) мактаблар ўрганилди.

Шунингдек, Давлат тест маркази билан ҳамкорликда вилоят халқ таълими бошқарув органлари ходимлари, методистлар ва мактаб ўқитувчиларининг  менежерлик, тегишли фан ва давлат тили бўйича билимларини аниқлаш бўйича тест синовларига старт берилди.

Тест синовлари график асосида 3 сменада ўтказилади ва ҳар бир сменага 600 нафар ўқитувчилар қамраб олиниши белгиланган. 7 октябрь куни 1800 нафар математика, информатика, иқтисодий билим асослари каби фан ўқитувчилари ва методистлари иштирок этади.

Тест жараёнларини назорат қилиш учун Гулистон давлат университетининг 90 нафар малакали мутахассислари кузатувчи сифатида жалб қилинган.

Тест синовларини жорий йил 13 октябрь куни якунлаш ва ушбу жараёнга Сирдарё вилояти халқ таълими тизимида фаолият юритаётган 12500 дан ортиқ ўқитувчи ва ходимларнинг барчасини қамраб олиш кўзда тутилган.

07.10.2019 11:13:00