Президентимиз томонидан 17 июль куни ўтказилган йиғилишни халқ таълими соҳасида инқилобий ўзгаришларга сабаб бўладиган тарихий воқеа деса муболаға бўлмайди. Бундан буён энди барча давлат идоралари мактаб ва ўқитувчилар фаолиятига халақит қилиши эмас, балки кўмаклашиши керак! Акс ҳолда Президентимиз томонидан белгилаб берилган янги сиёсатга қарши чиққан бўлади!

Юртимизни келажакда иқтисодий ривожланган мамлакатлар қаторида кўриш учун айнан мактаб таълимига сармоя киритиш ва ўқитувчиларимизнинг жамиятдаги ҳурматини ошириш муҳимлигини Давлатимиз Раҳбари бир неча бор таъкидлаб ўтдилар ва тегишли топшириқлар бердилар.

Шундан кейин ҳам жойларда халқ таълими тизими ходимларига тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кузатилса Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига бундай ҳолатларга жуда қатъий чора кўриш топширилди!

Шунинг учун, барча даражадаги раҳбарлардан Президентимизнинг халқ таълими тизими ходимларини ўз функционал вазифаларидан бошқа ишларга жалб этмаслик бўйича топшириқларини сўзсиз ижросини таъминлашларини кутиб қоламиз.

Халқ таълими тизимининг 580 мингдан ортиқ вакиллари учун эса кечаги йиғилиш ўзига хос байрам бўлиши билан биргаликда, жуда катта масъулият юклайди. Барчамиз Давлатимиз Раҳбари томонидан яқин 3-4 йил учун белгилаб берилган ушбу улкан вазифаларни тўлақонли ва сифатли амалга ошириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур!

Ушбу вазифалар ижроси юзасидан яқин кунларда тегишли ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланиб Раҳбариятга киритилади.

Шерзод Шерматов,
Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазири

 

19.07.2018 16:00:00