Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг 11-синфини битирувчи олтин ва кумуш медаль соҳиблари учун “Жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшамиз!” мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбирда Халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Э.Шукуров, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи А.Мамаджанов, туман халқ таълими бўлими мудирлари, мактаб ва мактаб-интернатлар директорлари, ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар, Тошкент шаҳридаги мутасадди раҳбар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда ёш авлоднинг маънавий ва жисмоний камол топиши, уларнинг замон талабларига мос билим олиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, ёш авлодни ватанпарварлик, инсонпарварлик каби хислатлар билан бирга юксак маънавият эгаси ҳамда бошқа миллатларга нисбатан ҳурмат билан қарайдиган, инсоний қадр қимматни эъзозлайдиган инсонлар қилиб тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда. Оила, маҳалла ва кенг жамоатчилик, шунингдек, таълим муассасаси ўқитувчи ва мураббийлари келгуси авлод баркамоллиги йўлида ўғил-қизларимизнинг улуғ аждодларимизга муносиб бўлишлари учун тарбия бериб келмоқда.

Жорий ўқув йилида Тошкент шаҳрида 303 та умумтаълим мактабларининг 11-синфини 14098 нафар йигит-қизлар муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олди. Битирувчиларнинг 202 нафари олтин ва 106 нафари кумуш медалга сазовор бўлди.

Тадбирда уларга олтин ва кумуш медаллар, шунингдек, Тошкент шаҳар касаба уюшмаси томонидан эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Фан олимпиадасининг Республика босқичида иштирок этиб, фахрли 1-, 2-ўринни эгаллаган 11-синф битирувчиларига эсдалик совғалари топширилди.

Тошкент шаҳар ХТББ
Ахборот хизмати

22.06.2019 19:58:46