Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” мавзусида брифинг ўтказилди.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари, соҳа мутахассислари ва ота-оналар билан очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтган мазкур тадбирда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бошқарма бошлиғи Маҳмуд Абдужалилов иштирок этди.

Маълумки, 2019 йилнинг 7 июнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинган эди. Унга кўра, жорий йилдан эътиборан Тошкент шаҳридаги талаб юқори бўлган 81 мактабда қабул Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиши белгиланганди.

Ўтган фурсат давомида ижтимоий тармоқлар орқали ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини чуқур англамасдан, қолаверса, шу пайтга қадар таълим тизимида амал қилиб келган “микроҳудуд” тушунчасини инкор қилиб билдирилган фикр-мулоҳазалар, Халқ таълими вазирлиги мутасадди ва раҳбар ходимларига нисбатан эса тизимда коррупцияни легаллаштиришга уриниш, мактабларнинг “пулли” бўлиши конституцион ҳуқуққа мос келмаслиги, янги ислоҳотлар мактабларда “табақалаштириш”ни келтириб чиқариши сингари эътирозлар кўпайиб кетди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Facebookʼдаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри оммага етказилган мазкур анжуманда шу ва шу каби ечимини кутиб ётган қатор саволларга жавоб берилди.

Хусусан, халқ таълими вазири Ш. Шерматов ушбу қарорнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига нечоғли мослиги ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарди:

— Қарорда келтирилган талаблар Конституцияга умуман зид эмас. Мутлақо! Чунки давлат мактаб ишини назорат қилади, болаларнинг 11 йил таълим олиши эса бепул шаклда амалга оширилади. Шу билан бирга, қарор билан ҳар бир микроҳудуддаги мактаб ёшига етган боланинг ҳуқуқи муҳофаза қилинади.

Шунингдек, анжуманда жорий йил 1-синфга қабулнинг пулли бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида ҳам савол берилди.

“Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бу янгилик 81 мактабда пилот тариқасида жорий этилмоқда. Ҳамиша бирор янгиликни жорий қилишда ижро механизми тўлиқ ишлаб чиқилиши керак ва бу босқичма-босқич амалга оширилади. Ушбу қарорнинг асосий мақсади ҳам, ижтимоий тармоқларда айтилаётганидек, пул ишлаш эмас. Ҳозир биринчи навбатда микроҳудуддаги болаларни қамраб олишга эътибор беряпмиз. Аввал уларни жойлаштириб оламиз. Кейин эса ўша микроҳудуддаги 6 ёшли болалар қабул қилинади.

Ҳеч ким бизга қабулни пулли қилинглар, дегани йўқ. Бу ишлар айни пайтда ўрганилмоқда. Чунки бизнинг вазирликка тизимга ўзгартиришлар киритиш, рўйхатга янги мактабларни қўшиш ёки камайтириш бўйича, умуман тизимни ўзгартириш борасида ваколатлар берилган. Шунинг учун биз яна ўзгаришлар қилишимиз ҳамда керакли механизмларни жорий этишимиз мумкин”, деди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Брифинг пресс-релизи ўзбек ва рус тилларида.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 
 
19.06.2019 20:31:00