Халқ таълими вазирлиги Республика ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўйича Низом лойиҳасини ишлаб чиқди ва умумхалқ муҳокамасига қўйди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 29 майдаги ПҚ-4342-сон қарори билан Республика ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ташкил этиляпти.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси (кейинги ўринларда — Республика ўқув-тарбия муассасалари) ташкил этилмоқда.

“Республика ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Низомда ўқув-тарбия муассасасининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланиши белгиланмоқда:

баркамол, жисмоний ва руҳий соғлом шахсни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, болаларда меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, масъулиятлилик, фидоийлик, дунёқараши кенг мустақил ва комил инсон бўлишга интилиш туйғусини шакллантириш;

болаларнинг ёшига хос бўлган психофизиологик мойилликлари, қобилиятлари, қизиқишларига, болалар ҳаёти ва соғлиғини сақлаш талабларига мувофиқ тарзда уларнинг ақлий, эмоционал ва жисмоний ривожланишига кўмаклашувчи психологик, тиббий ва ижтимоий реабилитациясини таъминловчи чора-тадбирларни амалга ошириш;

болаларнинг давлат таълим стандартлари асосида мажбурий умумий ўрта таълим олиши учун шарт-шароитлар яратиш;

тарбияланувчилар дуч келадиган муаммоларни муҳокама қилиш, уларнинг ечимини топиш ва тарбияланувчиларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган “case-study”, гуруҳларда ишлаш, баҳс-мунозаралар, ситуацион ўйинлар, ақлий ҳужум каби илғор интерактив ўқитиш усулларини ўқув-тарбия жараёнига кенг жорий этиш;

тарбияланувчиларда меҳнат кўникмалари ва мустақил ижодий фикрлаш қобилиятини шакллантириш, уларни касбга йўналтириш ва бўш вақтларини самарали ташкил этиш.

Шунингдек, низомга асосан ўқув-тарбия муассасаси фаолиятини ташкил этиш ҳамда ўқувчиларни қабул қилиш ва чиқариш тартиби, ўқув–тарбия жараёни қатнашчилари, ихтисослаштирилган муассасаларни бошқариш тартибларини тасдиқлаш режалаштирилган.

19.06.2019 16:16:49