Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Ёшлар тарбияси – муҳим масала

2019.11.08 | Янгиликлар

Жорий йилнинг 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида халқ таълими тизимини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар тарбиясида миллий анъана ва қадриятларга суяниш муҳимлиги қайд этилди. 

Давлатимиз раҳбари “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”  тамойилига асосланиб, миллий ғоя ва унинг мафкуравий негизларини пухта ишлаб чиқиш, ёш авлодни болаликдан миллий ғурур, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади. 
Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида “Тарбия” фанининг ўқув дастурини яратиш учун Республика таълим маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва амалиётчи ўқитувчилар вакилларидан иборат ижодий ишчи гуруҳи тузилди.

Президент топшириғига биноан мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Дунё динлари тарихи”, “Миллий ғоя” каби фанларни бирлаштирган ҳолда ягона “Тарбия” фанини жорий қилиш тегишли ўқув дастур ва дарсликлар яратишни талаб қилади.

Таҳлиллар асосида Ишчи гуруҳ томонидан замонавий талаблар асосида “Тарбия” фанининг концепцияси, таълим стандартлари, ўқув дастурлари тузилмоқда ва дарсликлар яратилмоқда.

Фарзанд тарбиясига беэътибор бўлмаган барча фуқаролар, соҳа мутахассислари ва экспертларни ҳамкорликка чақирган ҳолда ўз таклифларини Халқ таълими вазирлигининг idea.istm.uz сайтига ёки Республика таълим марказининг rtm@xtv.uz электрон манзилига юборишларини сўраймиз.

Барча фикр-мулоҳазалар Ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилади ва “Тарбия” фанини жорий қилишда муносиб топилган таклифлар инобатга олинади.

Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазирлиги
Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 27

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.