Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Халқ таълими тизими ҳудудий бўлинмаларининг ОАВ билан ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди

2019.10.09 | Янгиликлар

Жорий йилнинг 8 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳудудий бошқармаларнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълумотига кўра, 9 ой давомида тизим бўйича танқидий мақолалар сони 226 тани ташкил этган.

Асосий муаммолар дарслик, ўқув қуролларининг етишмаслиги, мактабга қабул жараёни, таълим сифатининг пастлиги ва бошқалардан иборат.

Вазирлик ахборот хизмати томонидан мазкур танқидий материаллар таҳлил қилинганида, ушбу давр мобайнида энг кўп танқидлар Самарқанд вилояти (41 та), Қашқадарё вилояти (16 та), Сурхондарё вилояти (11 та) ва Тошкент шаҳрида (11 та) тўғри келди.

Видеоселектор давомида Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти томонидан ҳудудларда ОАВ билан ишлаш бўйича йўл қўйилган камчиликлар танқид қилинди. Мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.

Жумладан, ҳар бир ҳудудий бошқарма расмий вебсайтлари, Facebook ва Telegram тармоқларида расмий саҳифаларини юритиши ҳамда тизимда олиб борилаётган ислоҳотларни мунтазам ёритиб бориши таъкидланди.

Ахборот хизмати фаолиятини ташкил этиш борасида йўл қўйилган камчиликлар учун Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Маърипжон Турдиматовга ҳайфсан эълон қилинди.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 23

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.