Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Вазирлик, идора ва университет раҳбарлари ҳудудларда мактабдаги таълим сифатини яхшилаш бўйича иш олиб бормоқда

2019.09.09 | Янгиликлар

Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги таълим тизимига масъул 40 дан ортиқ вазирлик, тегишли бошқарма ва ташкилот мутасаддиларидан иборат Республика ишчи гуруҳи ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мазкур ишчи гуруҳнинг аъзоси сифатида Самарқанд вилоятида жойлашган ва яқинда эълон қилинган мактаб рейтингида энг юқори ва энг паст ўринларни эгаллаган умумтаълим муассасалари фаолияти билан танишди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳамда ишчи гуруҳи вакиллари Пайариқ туманидаги 71-, 74-, 79-, 81-умумтаълим мактабларида бўлиб, таълим сифатига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни ўрганди.

Шу билан бирга вазир Иштихон туманидаги 2- ва 94-умумтаълим мактаби, Каттақўрғон туманидаги 56- ва Нарпай туманидаги 52-умумтаълим мактаби ҳамда Самарқанд шаҳридаги 45-умумтаълим мактаби фаолияти билан ҳам танишди. Таъкидлаш лозимки, Каттақўрғон туманидаги 56-мактаб таълим муассасалари рейтингида юқори балл тўплаган.

Мазкур мактаблар тажрибасини вилоятнинг бошқа мактаблари орасида тарғибот қилиш чоралари белгиланди.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш, мактабларни юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш, кутубхона, музей ва кўргазма залларини ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.

Халқ таълими вазири мактабларга ташрифи давомида мактаб директорлари ва ўқитувчилар билан суҳбат ўтказиб, таълим сифат-самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар топширди.

Ўқувчилар билан учрашув доирасида ёшларнинг билим олишлари, келажакдаги режалари ва қайси касбни танлашларидан қатъий назар ватанимиз ривожланишига ҳисса қўша оладиган мутахассис бўлиб етишиб чиқишлари кераклиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 25

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.