Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Нукусда Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг филиалини очиш таклиф этилмоқда

2019.07.15 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг Нукус филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси regulation.gov.uz порталига муҳокамага қўйилди.

Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикасида 6 минг нафардан ортиқ 16 ёшгача бўлган болалар турли касалликлар билан касалланган. 271 та нотинч оилаларда 371 нафар вояга етмаган ўғил-қизлар тарбияланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 18 нафар вояга етмаганларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари юз берди. Бу эса, ўз навбатида, болаларнинг хулқ-атворида юз берган психологик ўзгаришларга профессионал ёндашувлар зарурлигини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг минтақавий филиалини Нукус шаҳрида ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Ҳужжатга кўра, Марказнинг Нукус минтақавий филиалини замонавий фикрловчи, юқори малакали, профессионализм ва масъулият туйғуси юқори бўлган, тегишли амалий иш тажрибасига эга бўлган ходимлар билан таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилади.

Шу билан бирга, филиални зарур асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш учун лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг асосий вазифаси жисмоний имкониятлари чекланган болалар ҳамда ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан хатар гуруҳларига кирадиган болаларнинг ижтимоий мослашувини ўрганиш, кўрсатиб ўтилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан мақсадли комплекс дастурларни ишлаб чиқиш билан бир қаторда, қуйидаги йўналишлар бўйича ҳам махсус фаолиятни амалга оширади:

- ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ижтимоийлашуви ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

- имконияти чекланган болалар реабилитацияси бўйича муаммоларни тадқиқ этиш;

- ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар ва оилалар билан тарбиявий ва профилактика ишларини олиб бориш;

- болаларнинг ижтимоий мослашувидаги ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш;

- болалар ва оилалар билан ижтимоий иш олиб бориш, ижтимоий иш амалиётини ривожлантириш;

- алоҳида иқтидорли болалар муаммоларини ўрганиш;

- болаларнинг ижтимоий мослашуви соҳасида халқаро ташкилот ва жамғармалар, шунингдек, нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш;

- давлат дастурлари, жумладан, мақсадли гуруҳларга тааллуқли жамоатчилик лойиҳалари ижросини таъминлашга кўмаклашиш, шунингдек, бу тадбирларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқиш.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 21

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.