Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Мардлик ва жасорат сабоқлари

2016.01.12 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Президентимизнинг 2015 йил 9 декабрдаги “Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёгарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ, таълим муассасаларида ҳарбий-ватанпарварлик ойлиги ўтказилмоқда.

«Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!» шиори остидаги мазкур ойлик доирасида ўқувчиларда бурчга садоқат, ҳушёрлик ва огоҳлик туйғуларини мустаҳкамлаш, ёшларни Қуролли Кучларимиз фаолияти, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини кучайтириш ва ҳарбий хизматнинг нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳияти билан таништириш мақсадида турли тадбирлар, давра суҳбатлари, ҳарбийлар билан учрашувлар ташкил этилаётир.

– Мактабларда ҳарбийлар, Қуролли Кучлар фахрийлари, таниқли адиблар ва санъаткорлар иштирокида “Мардлик ва жасорат дарслари” ўтказилиши анъанага айланган, – дейди Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Ҳикматилла Даминов. – Мазкур дарслар ёшларга мустақиллик туфайли яратилаётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш, Ватаннинг ягоналиги, уни асраб-авайлаш шарафли бурч эканини англатишда муҳим аҳамият касб этади.

Ойлик доирасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий округ ва гарнизонлари билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ҳарбий қисм ва ўқув муассасаларига экскурсиялари ташкил этилмоқда. Ўқувчилар пойтахтимиздаги Қуролли Кучлар давлат музейи, “Ватанга қасамёд” мажмуасига саёҳат уюштириб, она юрт ҳимояси муқаддас экани, аждодларимиз кўрсатган мардлик ва жасорат намуналари, Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар билан яқиндан танишмоқда.

Таълим муассасаларида ўқувчилар онгида Ватанга муҳаббат, Қуролли Кучлардан фахрланиш, ҳарбийлик касбига ҳурмат туйғуларини юксалтириш мақсадида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ҳарбийлар иштирокида “Авлодлар учрашуви”, “Эъзоз”, “Эҳтиром” каби маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Мактаблар ва Меҳрибонлик уйларида “Миллий армиямиз – ғуруримиз, ифтихоримиз”, “Халқимизга тинчлик ва омонлик керак”, “Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилиш энг олий саодатдир” мавзуларида давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилмоқда.

Болалар мусиқа ва санъат мактабларида “Мардлар қўриқлайди, Ватанни” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлардан иборат концерт дастури ташкил қилинаётир. Шунингдек, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ҳамда умумтаълим мактабларида спорт мусобақалари ўтказилмоқда.

– Келажакда яхши ўқиб, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига кирмоқчиман, – дейди Учтепа туманидаги 81-умумтаълим мактаби ўқувчиси Муҳаммадамин Назаров. – Болалигимдан юртимизни ҳимоя қилаётган аскар ва офицерларга ҳавас қиламан. Мактабимизда ўтказилаётган ҳарбийлар билан учрашувлар орзуимни янада мустаҳкамламоқда.

Мазкур мактабда синф хоналари Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган шиор ва плакатлар билан безатилган. Айниқса, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўзида акс эттирган деворий газеталарни ўқувчилар зўр иштиёқ билан тайёрлаган.

– Миллий армиямиз ёшларнинг иродасини тоблайди, уларни ўз Ватани ва халқига садоқат руҳида тарбиялайди, – дейди мактаб директори Зиёда Ҳайдарова. – Мактабимизда ўтказилаётган ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ёшларнинг эл-юртимиз тинчлиги ва осмонимиз мусаффолигини таъминлашга бўлган қизиқиш ва интилишини кучайтиришга хизмат қилади.

www.uza.uz

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 28

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.