Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Қарор ижроси муҳокама қилинди

2015.09.04 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида Президентимизнинг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан халқ таълими вазирининг ахбороти эшитилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Н.Умаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси А.Шодмонов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.Иноятов ва бошқалар иштирок этишди.


Мазкур қарор хорижий тилларни ўрганишга оид амалий чора-тадбирларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда асосий омил бўлмоқда.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида узлуксиз таълим тизими учун чет тиллардан янги Давлат таълим стандартлари, янги ўқув қўлланмалари ҳамда дарслик мажмуалари яратилди. 2013-2014 ўқув йилидан бошлаб барча умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчилари учун чет тилларини ўқитиш бошланди.

Сўнгги 3 йилда 5 миллиондан ортиқ нусхада дарсликлар чоп этилди. Шу билан бирга, 17 минг 222 та чет тили кабинетлари учун қўшимча адабиётлар, луғатлар ҳам давлат бюджети ҳисобидан етказиб берилди. Уларни замонавий мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш бўйича ҳам қатор ишлар бажарилди. Бундан ташқари, турли электрон ахборот-таълим ресурслари, видеодарслар, видеоқўлланмалар, интерактив ўйинлар каби 50 дан ортиқ ресурслар яратилди.


Кадрлар таъминоти ва педагог кадрларнинг қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Ўтган даврда 18 минг нафарга яқин чет тили ўқитувчиларининг малакаси оширилди.


Мактабгача таълим муассасалари ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида ҳам бу борада муайян ишлар олиб борилаяпти, тўгараклар фаолият юритмоқда.


Йиғилишда тизимда мавжуд имкониятлардан, ўқув даргоҳларига етказиб берилган жиҳозлар, ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда мутахассисларга бўлган эҳтиёжни пухта ўрганиш каби масалалар долзарб аҳамият касб этаётгани таъкидланди.


Эшитув якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 27

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.