Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Ёшлик ва спорт байрами

2015.05.27 | Янгиликлар

Ёшлик ва спорт байрами

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мамлакатимизда “Умид ниҳоллари – 2015” спорт ўйинларининг финал босқичи ёшлик ва спорт байрами сифатида ўтказилмоқда

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ўтказилаётган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари ёш авлодни спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтириш, буюк аждодларимизнинг мардлик ва жасурлик анъаналарини муносиб давом эттиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Узоқни кўзлаб амалга оширилган ушбу эзгу ишларнинг натижаларига бугун бутун дунё тан бермоқда. Уч босқичли мазкур спорт мусобақаларида жисмонан ва руҳан чиниққан, тажриба ва маҳоратини оширган кўплаб спортчиларимиз энг нуфузли спорт анжуманларида – қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Осиё ва Олимпия ўйинларида юксак ғалабаларга эришмоқда. Уларнинг шарафига Ватанимиз байроғи баланд кўтарилиб, давлатимиз мадҳияси янграмоқда.

Мазкур тизимнинг илк бўғини – “Умид ниҳоллари” спорт ўйинларининг бу йилги финал босқичи ўзгача тарзда – ёшлик ва спорт байрами сифатида ҳудудларда ташкил этилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – ушбу спорт мусобақаларининг оммавийлигини янада ошириш, унда янада кўпроқ ёшларимиз қатнашишини таъминлаш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини ҳар томонлама тарғиб қилишдан иборат.

Мусобақалар спортнинг ўн етти тури – бадиий гимнастика, бадминтон, баскетбол, бокс, волейбол, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо, футбол, шахмат, эркин ва юнон-рум кураши, қўл тўпи бўйича ўтказилди. Эътиборли жиҳати, мусобақада ўқувчилар асосан Олимпиада дастуридан жой олган спорт турлари бўйича ўз маҳоратини намойиш этди. Улар орасидан келажакда жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда, хусусан, Олимпия ўйинларида Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар етишиб чиқиши шубҳасиз.

2c.jpg

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Бухоро вилояти. Бухоро маданий марказидаги амфитеатр ҳар қачонгидан гавжум. Байрамона безатилган театрда “Умид ниҳоллари – 2015” спорт мусобақаларининг вилоят финал босқичи ғолибларини шарафлаш – ёшлик ва спорт байрами бўлиб ўтди.

Президентимиз раҳнамолигида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилгани ўғил-қизларни оммавий спортга жалб этишда кенг имкониятлар яратиб, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Бухоро вилоятида ўтган давр мобайнида 110 болалар спорти мажмуаси, гимнастика саройи ва спорт заллари қурилди. Бундан 13 йил аввал 16 ёшгача бўлган ўғил-қизларнинг 19 фоизи спорт билан шуғулланган бўлса, айни кунда бу кўрсаткич 55,8 фоизга етди.

Оммавийлик истеъдодларни кашф этиш, улар маҳоратини оширишга хизмат қилади. “Умид ниҳоллари” ана шундай оммавий спорт мусобақасидир.

“Умид ниҳоллари – 2015” мусобақасига вилоятда пухта тайёргарлик кўрилди. Унинг дастлабки саралаш баҳсларида ўн минглаб ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Уларнинг уч минг нафардан зиёди жорий йил март ойида бўлиб ўтган ҳудудий босқичида куч синашди. Баҳслар нафақат Бухоро шаҳрида, балки вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларидаги замонавий спорт мажмуаларида ўтказилди. Иштирокчилар орасидан 128 нафари кучлилар сафида эътироф этилди.

Мусобақада Бухоро шаҳри вакиллари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Вобкент ва Шофиркон туманлари ёш спортчилари эгаллади.

Вилоят ҳокими М.Эсонов Бухоро шаҳри жамоасига Президентимиз совғаси – “Дамас” автомашинасини топширди.

Мусобақада юқори натижаларга эришган спортчилар шарафланди.

– Уч йилдан буён эркин кураш билан шуғулланаман, – дейди Бухоро шаҳридаги 1-олимпия захиралари спорт мактаби тарбияланувчиси Миркамол Бешимов. – Бу ерда ўзимиз хоҳлаган спорт тури билан шуғулланишимиз учун барча шароит яратилган. “Умид ниҳоллари”да ғолиб бўлганимдан хурсандман. Ушбу мусобақа мен учун катта спорт сари ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди. Яқинда ўсмирлар ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлдим.

Бухоро бадиий гимнастика мактаби мазкур спорт тури бўйича мамлакатда етакчи ўринда туради. Бу ердан етишиб чиққан мамлакат ва Осиё чемпионлари – Замира Санақулова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи унвонига лойиқ топилди, Ҳусниябону Ғуломова ва Сарвина Холиқова Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Улар қаторига бу йил Ситора Исматова ҳам қўшилди.

– Мен қизим билан фахрланаман, – дейди Ситоранинг онаси Гулбаҳор Қиличева. – У тиришқоқ, ўз олдига қўйган мақсад сари астойдил интилади, қатъиятли. Қизим аъло баҳоларга ўқимоқда. Катта спортда ҳам ўз йўлини топди. Ситоранинг халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришишига ишонаман. Буларнинг барчаси Юртбошимиз раҳнамолигида ёшлар учун яратилган шароит ва имкониятлар, кўрсатилаётган ғамхўрлик самарасидир.

Қобилиятни илғаш, уни тарбиялаш осон эмас. Буни вобкентлик мураббий Шаҳоб Маҳмудов яхши билади.

– Туманимизда оғир атлетика билан шуғулланувчи ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда, – дейди Ш.Маҳмудов. – Спортчиларимиз орасидан мамлакат чемпионлари етишиб чиққан. Уларга муносиб издошлар камол топмоқда. “Умид ниҳоллари – 2015” мусобақасида тўрт вазн тоифасининг учтасида вобкентлик ёшлар – Аббос Ибодуллаев, Абдуҳаким Икромов, Мурод Ҳайитов ғолиб бўлди. Бу қобилиятли спортчилар келажакда халқаро мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этишига ишонаман.

Спорт байрамида таниқли спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Санъат усталари, эстрада хонандалари ҳамда бадиий жамоаларнинг концерт дастури ёшлик ва спорт байрамига ўзгача шукуҳ бағишлади.

* * *

4c.jpg

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 


Сурхондарё вилояти. Сурхон воҳасида ҳам “Умид ниҳоллари – 2015” спорт мусобақаларининг финал босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортнинг оммавийлигини таъминлаш, айниқса, болалар спортини ривожлантириш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар жисмонан соғлом, маънан етук авлодни камол топтиришда юксак самаралар бермоқда. Анъанавий ўтказилаётган уч босқичли – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, Универсиада мусобақаларидан иборат спорт тизими ёшларни эзгу ғоялар атрофида бирлаштирмоқда. Тинч, обод мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтириб, Ўзбекистон фарзандларининг ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён этаётир. Жорий йил дастлабки чорагида вилоятнинг олтмишга яқин спортчи-ўқувчиси халқаро ва мамлакат миқёсида ўтказилган мусобақаларда фаол иштирок этиб, кўплаб совринли ўринларни қўлга киритгани бунга яққол мисолдир.

Дунёнинг кўплаб давлатларида қизиқиш билан ўрганилаётган мазкур ноёб тизимнинг илк бўғини “Умид ниҳоллари” спорт ўйинлари умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ўз кучи ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун беқиёс имконият яратмоқда. Нуфузли мусобақада иштирок этиш истагини билдирган спортчи ўғил-қизлар саралаш босқичларида синовдан ўтди. Жумладан, Сурхондарё вилоятидаги 856 умумтаълим мактабида 364 минг 860 дан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Уларнинг 177 мингга яқини қизлардир. “Умид ниҳоллари” мусобақаларига тайёргарлик кўриш жараёнида жойларда ташкил этилган беллашувларда юз мингга яқин ўқувчи иштирок этди.

– “Умид ниҳоллари – 2012” спорт ўйинларининг финал босқичи келгуси спорт фаолиятимда муҳим аҳамиятга эга бўлди, – дейди Термиз олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Маъруфжон Муродуллаев. – Эндиликда дунёнинг турли давлатларида ўтказилаётган нуфузли мусобақаларда Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён этаётирман. Ўтган йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган II Параосиё ўйинларида иккита олтин медални қўлга киритдим. 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган XV Паралимпия ўйинларида иштирок этишга йўлланма олдим. Сайёрамизнинг энг кучли спортчилари иштирок этадиган ушбу мусобақада ҳам давлатимиз байроғини баланд кўтаришга тайёргарлик кўрмоқдаман.

2003-2014 йилларда Сурхондарё вилоятида барча шароитга эга 124 спорт иншооти бунёд этилиб, замонавий усулда жиҳозланди. Айни пайтда мазкур иншоотларда 83 минг 325 ўқувчи спортнинг 34 тури билан мунтазам шуғулланмоқда.

– Болалигимизда спорт билан шуғулланиш учун бундай қулайликларни хаёлимизга ҳам келтира олмас эдик, – дейди термизлик Улуғбек Хўжақулов. – Бугун ўғлим Шаҳзоджоннинг дарсдан бўш вақтларида барча шароитга эга спорт иншоотида бокс билан мунтазам шуғулланаётганига ҳавас билан боқаман. У спорт билан дўст тутингач, қадди-қомати ўсиб, фикри янада теранлашди. Мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг барча босқичида ўғлимнинг юқори кўрсаткичларга эришганидан бошим осмонга етди. Келажакда унинг жаҳон миқёсидаги мусобақаларда Ўзбекистонимиз обрўсини шараф билан ҳимоя қилишига ишонаман. Фарзандларимиз учун бундай имкониятлар яратиб бераётган Юртбошимиздан чексиз миннатдормиз.

Термиз шаҳрида барча шароитга эга замонавий ўнта болалар спорти иншооти ёш авлодни ҳар томонлама баркамол улғайтиришга хизмат қилмоқда. Жаҳон андозаларига мос бунёд этилган “Сурхон” спорт мажмуаси, сузиш ҳавзалари, теннис корти, “Алпомиш” кураш мажмуаси ва бошқа замонавий спорт иншоотлари ўғил-қизларнинг энг севимли масканига айланган. Ушбу иншоотларда йигирма мингга яқин ўқувчи спорт билан шуғулланмоқда. Уларнинг саккиз минг беш юздан ортиғи қизлардир.

“Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг вилоят босқичида Термиз шаҳрининг спортчи-ўқувчилари биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Қумқўрғон тумани вакилларига насиб этди. Жарқўрғонликлар учинчи ўринга сазовор бўлди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Мамараимов Термиз шаҳри жамоасига Президентимиз совғаси – “Дамас” автомашинасини топширди. “Умид ниҳоллари” спорт ўйинларида яхши кўрсаткичларга эришган спортчи ўғил-қизлар ҳам муносиб тақдирланди.

– Мусобақанинг финал босқичида Термиз шаҳри жамоасининг ғолиб бўлишига ўз ҳиссамни қўшганимдан қувончим чексиз, – дейди вилоят марказидаги 2-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Фарида Исматова. – Спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича эришган ютуқларим муносиб рағбатлантирилиб, Президентимиз совғасига сазовор бўлганим келажакда жаҳон мусобақаларида ҳам юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишимга катта ишонч, интилиш уйғотди. Бу ишончни оқлаш учун устозларим кўмагида маҳоратимни янада ошираман.

Ёшлик ва спорт байрами санъаткорларнинг гала-концерти билан якунланди.

* * *

8c.jpg

 

 

 

 

 

 

 

 

 


Тошкент. Муҳташам ва замонавий иморатлари, гўзал ва сўлим боғларию хиёбонлари билан наинки юртдошларимиз, балки хорижликларнинг ҳам ҳавасини тортаётган ва кундан-кунга чирой очиб бораётган Тошкент шаҳри бугун янада фусункор, жозибадор. Кўчалар, хиёбонлар байрамона безатилган, сержило нур таратаётган ранг-баранг чироқлар, баҳорнинг майин шабадасида ҳилпираётган байроқлар шаҳарга байрамона руҳ, ўзгача кайфият бахш этган. Пойтахт кўчалари ҳар кунгидан-да гавжум. Одамларнинг юз-кўзларида шодумонлик, шукроналик туйғуси акс этган.

“Ўзбекистон” спорт мажмуасида “Умид ниҳоллари – 2015” спорт мусобақаларининг Тошкент шаҳар финал босқичи тантаналари бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида келажагимиз эгалари, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган навқирон авлодни соғлом ва баркамол, ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч қачон кам бўлмайдиган инсонлар қилиб вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланганини алоҳида таъкидлади.

Бу борадаги ишлар натижасини мамлакатимизда спортнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳанинг ривожланиши учун халқаро стандартлар талаблари даражасида асос яратиш мақсадида ташкил этилган Республика Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятида, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, пойтахтимизда барпо этилган замонавий таълим-тарбия муассасаларида энг илғор педагогик технологиялар асосида таҳсил олиб, спорт мажмуаларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиб, юксак интеллектуал салоҳиятга эга, маънан ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етаётган ўғил-қизларимиз мисолида кўриш мумкин.

Пойтахтимизда 287 умумтаълим мактаби ва 44 Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бўлиб, ушбу муассасаларда жами 78 минг нафардан зиёд ўқувчи-ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда, улардан 32 минг нафардан ортиғи қизлар экани қувонарлидир. Ҳозирги кунда спортнинг футбол, қўл тўпи, волейбол, баскетбол, шахмат, бадиий ва спорт гимнастикаси каби турлари билан шуғулланувчилар сони 2003 йилга нисбатан 3-4 баробарга ошди.

2005-2014 йилларда Тошкент шаҳридан халқаро спорт мусобақаларида 1500 нафарга яқин ўқувчи-ёшлар иштирок этиб, шулардан 672 нафари ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

“Умид ниҳоллари” – умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшларнинг катта спорт анжумани, жисмоний тарбия ва спортга меҳри баланд миллионлаб ўғил-қизларнинг беғубор қалбларида куртак ёзган эзгу орзулари ижобатининг дебочаси, уларнинг ҳаётида том маънода янги саҳифа очувчи ёрқин воқеа, катта мусобақаларнинг нафаси, ғалаба шукуҳи, бир умрга ёдда қоладиган, унутилмас лаҳзаларни тақдим этувчи ёшлик ва спорт байрами, иқтидор эгаларини кашф қиладиган ва уларнинг келгусидаги улкан ютуқларида мустаҳкам асос бўлиб хизмат қиладиган парвоз майдонидир.

Мазкур мусобақаларнинг барча босқичларида жами 56 минг 50 ўқувчи қатнашди, уларнинг 25 минг 548 нафари қизлардир.

Бугун мана шу муҳташам мажмуада кўзлари чақнаб турган ўғил-қизлар тимсолида озод ва обод Ватанимизда униб-ўсаётган ниҳоллар – ҳам жисмоний, ҳам маънавий етук, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия топган том маънодаги баркамол авлод, буюк келажагимиз бунёдкорлари намоён бўлмоқда.

“Умид ниҳоллари – 2015” мусобақаларида ўз иқтидори ва қобилиятини намоён этган энг сара спортчилар қатнашди. Мусобақаларда қайд этилган натижалар йилдан-йилга ўсиб бораётгани ёшларимизнинг спорт соҳасидаги салоҳияти юксалаётганидан далолатдир. Мактаб ўқувчиларининг бу галги йирик байрами ҳам ана шундай маҳоратли ва шижоатли ёшларни ўзида бирлаштирди.

– Қизим Комила билан фахрланаман, – дейди Илҳом Абдуқодиров. – Фарзандим спортнинг таэквондо тури билан шуғулланиб, жисмонан соғлом бўлиб вояга етаётгани бир қувонтирса, ўқувчи-ёшларнинг “Умид ниҳоллари – 2015” мусобақаларида ғолиблар қаторида турганидан севинчимиз икки ҳисса ошди. Ахир, ҳар бир ота-она фарзандининг бахту камолини кўришни орзу қилади. Унинг эл-юрт корига ярайдиган, Ватан олдидаги бурчини адо эта оладиган инсон бўлиб улғайишини истайди. Бугун ана шундай орзу-истакларимизнинг рўёбини кўряпмиз. Бу бизнинг энг катта бахтимиз. Ўғил-қизларимизнинг бундай натижаларга эришаётгани Президентимиз томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайлидир.

Ҳаяжонли, орзиқиб кутилган дақиқалар келди. “Умид ниҳоллари – 2015” спорт ўйинларининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлди. Чилонзор тумани жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди ва Президентимиз совғаси – “Дамас” автомобили билан тақдирланди. Юнусобод тумани вакиллари иккинчи, Учтепа тумани спортчи ёшлари учинчи ўринни эгаллади.

– Бу мусобақа – биз ўқувчи-ёшларни беллашувларга чорлабгина қолмай, ўзаро дўстлик, меҳр-оқибат, аҳиллик туйғуларини ҳам мустаҳкамлайди, – дейди мусобақа ғолиби Ихтиёр Нормуродов. – “Умид ниҳоллари – 2015” спорт ўйинларининг эркин кураш бўйича баҳсларида қатнашдим. Мусобақада ғолиб бўлиб, мураббийларим ишончини оқлаганимдан бахтиёрман. Бу ютуғим янада янги марралар сари дадил қадам ташлашимда менга куч-ғайрат бағишлайди.

Байрам садолари остида ранг-баранг либослардаги спортчилар, болалар ижодий жамоалари, таниқли ва ёш санъат усталари, эстрада хонандалари майдонга кириб келади. Жаҳон ва қитъа чемпионлари ҳамда совриндорларининг кўргазмали чиқишлари, санъат намояндалари ижросидаги қўшиқ ва рақсларда Ўзбекистон ёшларига хос интилиш, ғайрат-шижоат, жўшқинлик ва нафосат намоён бўлади.

Эркин Ёдгоров, Холмўмин Маматрайимов, Байрам Айтмуродов, ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 26

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.