Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

“Жаҳолатга қарши маърифат” тадбири бўйича ижтимоий тармоқда эълон қилинган хабарга Халқ таълими вазирлигининг МУНОСАБАТИ

2019.11.07 | Янгиликлар

Умумтаълим мактабларининг 5-11-синф ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтадиган “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусидаги ижодий танлов 2013 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда шеърият, иншо ва тасвирий санъат йўналишларида ўтказиб келинади.

Мазкур тадбир ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича таълим муассасаларида турли ҳуқуқбузарлик, қонунбузарлик, гиёҳвандлик ва бошқа салбий ҳодисаларнинг олдини олиш, мактаб ўқувчиларининг ижодий қобилиятларини рўёбга чиқариш орқали уларда ёт ғояларга нисбатан иммунитетни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жорий йилда ҳам мазкур танловнинг мактаб, туман(шаҳар), вилоят босқичлари сентябрь-октябрь ойлари давомида республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилди.

Танловнинг республика босқичи жорий йилнинг 5 ноябрида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Ўқувчиларнинг ижод намуналарини баҳолаш учун ҳакамлар ҳайъати аъзолари турли вазирлик ва идора ходимларидан шакллантирилди. Жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Дин ишлари қўмитаси, А.Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти, Тошкент шаҳридаги Бенков номидаги рассомчилик мактабидан малакали мутахассислар ҳакамлар ҳайъати аъзолари сифатида иштирок этишди.

Танлов иштирокчилари республика босқичида низом шартларига кўра ижод намуналарини ёзиб/чизиб беришди ҳамда ҳакамлар ҳайъати эътиборига ҳавола қилди. Мазкур жараён ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳамда ташкилотчиларнинг қатъий назоратида бўлиб, иштирокчилар томонидан шартларни бажарилиши давомида кўчирмачиликка йўл қўйилмайди.

Албатта, ҳар бир ота-она ва ўқитувчига ўзининг фарзанди, ўқувчиси бошқаларга нисбатан қобилиятли ва энг яхшиси бўлиб кўринади, бу табиий ҳол. Бироқ ўқувчиларнинг қобилияти ва савияси ўз тенгдошлари билан беллашганида аниқ намоён бўлади.

Вазирлик томонидан танловнинг республика босқичида иштирок этган 42 нафар иштирокчиларнинг барчасига, ғолибликни қўлга киритган ёки киритмаганлигидан қатъий назар, ҳудудий босқич ғолиблари сифатида фахрий ёрлиқ ва совғалар тақдим этилди.

Ғолиблар учун мўлжалланган жами 9 та ўринни 8 та вилоятдан келган иштирокчилар эгаллади.

Хусусан, шеърият йўналишида Навойи, Бухоро, Фарғона вилояти иштирокчилари;

тасвирий санъат йўналишида Жиззах, Сирдарё, Наманган вилояти иштирокчилари;

иншо йўналишида Самарқанд, Тошкент, Наманган вилояти иштирокчилари совринли ўринларни қўлга киритди.

Мазкур ҳолат тадбир давомида ҳакамлар ҳайъати томонидан маҳаллийчиликка йўл қўйилмаганлигидан далолат беради.

  Вазирлик томонидан баҳсли ҳолатларни ўрганиш мақсадида иштирокчиларга ҳамроҳлик қилиб келган кузатувчиларга тадбир жараёни тўғрисидаги фикрларини тақдим этиш бўйича илтимос билан чиқилди.

Натижада жами 40 нафар кузатувчи ўз фикрини ёзма равишда тақдим этди. Ушбу фикрларни ўрганиш жараёнида кузатувчилар тадбирни юқори даражада ташкиллаштирилганлигини эътироф этган ҳолда, улар томонидан маҳаллийчилик ва бошқа ноҳақликларга йўл қўйилмаганлиги баён қилинган.

Эътироз сифатида тақдирлаш жараёнида ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан ғолиб ўқувчиларнинг ижодий ишларига қўшимча изоҳ берилмаганлиги келтириб ўтилган. Шу билан бир қаторда, кузатувчилар ўз эътирозлари вазирликнинг мутасадди ходимлари томонидан эътиборсиз қолдирилмасдан, уларга тегишли изоҳ берилганини ёзма равишда баён қилган.

Фахрий ёрлиқлардаги имловий хатолар билан боғлиқ ҳолат шеърият йўналишида иштирок этган икки нафар иштирокчига берилган ёрлиқда қайд этилди. Вазирликнинг мутасадди ходимлари томонидан мазкур хатоликлар шу куннинг ўзида бартараф этилиб, иштирокчиларга тўғриланган фахрий ёрлиқлар топширилди.

Хатоликлар вилоятлардан ташриф буюрган иштирокчиларни ўз уйларига эртароқ етиб боришлари учун фахрий ёрлиқларни тезкорлик билан тўлдириш жараёнида йўл қўйилган. Вазирлик ушбу вазият юзасидан иштирокчилар ва уларнинг кузатувчиларидан узр сўрайди.

Халқ таълими вазирлиги мазкур тадбир давомида юзага келган баҳсли ҳолатларни инобатга олиб, келгуси тадбирларда бундай ҳолатларни такрорланмаслиги устидан назорат ишларини олиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 26

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.