Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Мактабларда таълим сифатини ошириш – устувор вазифа

2019.11.07 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мамлакатимиз мактабларида таълим сифатини ошириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб олган ва бу йўналишда амалий ишлар бошланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоселектор йиғилишида маҳаллий ҳокимликлар мактаб инфратузилмасини яхшилаш, коммунал хизматларнинг узлуксизлигини таъминлаш, ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш каби масалаларга масъуллиги белгиланди.

Халқ таълими вазирлиги эса мактабларда таълим сифатини ошириш, таълим муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш, ўқитувчи мавқеини ошириш, ўқув дастури ва дарсликлар мазмунини такомиллаштириш вазифалари топширилди. Шу билан бирга халқаро таълим дастурларининг (STEAM) ижобий натижаларини ўрганган ҳолда миллий таълим дастурларини яратиш, халқаро баҳолаш дастурларини (PISA ва PIRLS -2021) татбиқ этиш белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги таълим сифатини ошириш бўйича қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.

Таълим сифатини баҳолаш тизимини яратиш

Биринчидан, вазирлик мамлакатимизда таълим сифатини баҳолаш тизимини ўрганиб чиқди. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, шу пайтгача таълим тизими сифати ва ягона ёндашувга асосланган реал ҳолатни баҳоловчи тизим бўлмаган. Шу боис таълим сифатини аниқлаш учун бир неча ташқи манбалар маълумоти ўрганилиб, халқаро тажрибалар амалиётга жорий этилган ҳолда шаффоф ҳамда объектив баҳолаш мезонлари яратилмоқда.

Шунингдек, мактаб битирувчиларининг 2019 йилда олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра 2 мингдан зиёд мактабнинг биронта ўқувчиси олий ўқув юртига кира олмаганлиги аниқланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан бу йил илк бор мактаблар рейтинги эълон қилинди. Рейтинг педагоглар салоҳияти, 9-синф ўқувчилари билим даражаси, битирувчиларнинг ОТМларга кириш кўрсаткичлари ва ижтимоий сўровномаларга асосланди.

2020 йилда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан биргаликда бошланғич синф (2- ва 4-синф) ўқувчилари ўртасида ўқиш (EGRA) ва математика (EGMA) саводхонлиги бўйича халқаро баҳолаш ўтказилади. Ҳозирги кунда баҳолашни ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

2021 йилда ўқувчилар билими PISA ва PIRLS халқаро баҳолаш дастурлари асосида аниқланади. Мазкур халқаро баҳолаш дастурлари мамлакатимиз таълим тизимини бошқа давлатлар билан солиштириш ва камчиликларини аниқлашга кўмак беради.

Жорий йилнинг октябрь ойида Сирдарё вилоятида таълим сифатини баҳолаш ва вилоятни таълим сифати бўйича намунали ҳудудга айлантириш бўйича амалий ишлар бошланди. Тажриба доирасида ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг билимлари баҳоланди.

Битирувчилари олий таълим муассасаларга кирмаган мактаблар (2000 дан ортиқ) биринчи навбатда давлат аттестацияси ва аккредитациясидан ўтказиш режалаштирилди.

Педагог ва раҳбарларнинг узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини яратиш

23 августдаги видеоселекторда ўқитувчи ва мураббийларнинг ўзи ҳам билим ва савиясини ошириш, жамоат ишларида фаол иштирок этиш, ҳалол меҳнати ва ташаббускорлиги билан бу касбнинг обрўсини ошириши кераклигига урғу берилди. Шу билан биргаликда, айрим педагог ходимларнинг билим ва малакаси бугунги замон талабларига жавоб бермаслиги ҳамда ўқитувчиларнинг билим ва савиясини юксалтиришда малака ошириш тизимининг ўрни сезилмас йиғилишда танқид қилиб ўтилди.   

Шу боис, “Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида” Президент қарори лойиҳаси тайёрланиб, кенг муҳокамага қўйилди. Унда узлуксиз малака ошириш тизимини амалиётга жорий этиш бўйича қуйидагилар белгиланди:

а) Халқаро андозаларга асосланиб халқ таълими тизимидаги педагогларнинг компетенциялари даражасини белгиловчи ягона касбий стандарт ва баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш;

б) умумтаълим мактабларида педагогик фаолият юритиш ҳуқуқини бериш бўйича касбий лицензиялаш (сертификатлаш) механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда уни босқичма-босқич жорий этиш;

в) халқ таълими ходимларининг мустақил равишда малака оширишларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг касбий эҳтиёжларини эътиборга олиш имкониятини берадиган малака оширишнинг кредит-модул тизимини жорий этиш;

г) амалдаги методист лавозимини тугатган ҳолда ўқитувчиларнинг касбий фаолиятини доимий ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун “ментор” лавозимини жорий этиш. Менторликка тажрибали олий тоифали ўқитувчилар ва юқори малакали кадрларни жалб этиш ҳамда уларнинг ойлигини олий тоифали ўқитувчиларга нисбатан 1,35 баравар кўпроқ этиб белгилаш;

д) А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти негизида А.Авлоний номидаги Халқ таълими академиясини ҳамда Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари негизида Педагогик маҳорат институтларини ташкил этиш;

е) Академияда малакали ва иқтидорли амалиётчи педагоглар таркибидан янги замон таълим бошқарувчиларини тайёрлаш мақсадида ташкил этиладиган “Таълим менежменти” мутахассислиги бўйича 1 йиллик ва ва “Катталар таълими” мутахассислиги бўйича 2 йиллик магистратуралар ташкил этиш каби масалалар таклиф этилди.

Касбий лицензия тизимини жорий этиш

Ушбу қарор лойиҳаси билан ўқитувчилар учун касбий лицензия тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда. “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”да умумтаълим муассасалари ўқитувчилари ва мактаб директорларини замонавий малака талаблари асосида синовдан ўтказиб, уларнинг фаолиятини лицензиялаш белгиланган. Шу боис, уни амалиётга жорий этиш таклиф этилмоқда. Концепцияга мувофиқ лицензиялаш босқичма-босқич жорий этилади. Бунда жами ўқитувчилар сонига нисбатан касбий лицензияга эга ўқитувчиларни 2021 йилда 5 фоизга, 2030 йилда 20 фоизга етказиш белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, касбий лицензиялаш амалиёти Буюк Британия, АҚШ, БАА, Корея, Финляндия ва Япония каби мамлакатларда самарали жорий қилинган.

Ҳозирда халқ таълими тизимидаги 466 462 нафар ўқитувчидан 3,1 фоизи олий малака, 14,6 фоизи биринчи малака, 29,4 фоизи иккинчи малака тоифасига эга. Қолган 52,9 фоиз ўқитувчи тоифага эга эмас (!).

Касбий лицензия раҳбарлар учун 3 йилга, ўқитувчилар учун эса 5 йилга амал қилиб, дастлабки босқичда тоифага эга бўлган ўқитувчилардан, кейинчалик тоифага эга бўлмаган ўқитувчилардан талаб этилади.

Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган ўқитувчилар иш ҳақининг босқичма-босқич оширилиши фақатгина касбий лицензияга эга бўлган педагог кадрларга татбиқ этилиб, ўқитувчиларни ўз устида ишлашга ундайди.

Касбий лицензияни жорий этиш мақсади ва аҳамияти юзасидан кенг жамоатчилик орасида тушунтириш ишлари давом эттирилмоқда. Якуний лойиҳа жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда такомиллаштирилади.

Тошкент тажрибаси

Таълим сифатини ошириш мақсадида “Тошкент тажрибаси”ни жорий этиш ҳам таклиф этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 23 август куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда таълим сифатини ошириш, хусусан, пойтахт Тошкент тажрибасини республиканинг бошқа ҳудудларида оммалаштириш юзасидан берган топшириғига асосан Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланди. Мазкур ҳужжат ҳам айни кунда жамоатчилик томонидан муҳокама этилмоқда.

Лойиҳада қуйидаги вазифалар белгиланмоқда:

1) олий таълим муассасалари билан умумий ўрта таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш орқали педагог кадрлар тажрибаси, салоҳиятини ошириш;

2) Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасаларини тўлиқ юқори малакали олий маълумотли педагог кадрлар билан таъминлаш;

3) олий таълим муассасаларидаги чет тили кафедраларининг профессор ўқитувчиларини мактабларга бириктириш орқали мактабларда фаолият кўрсатаётган инглиз тили ўқитувчиларининг барчасини C1-CEFR даражасига олиб чиқиш;

4) умумий ўрта таълим муассасаларида босқичма-босқич ёшларнинг ахборот коммуникация технологиялари соҳаси бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган “IT-Nation” лойиҳасини амалга ошириш;

5) ўқувчиларда фундаментал билимларни амалий тажрибалар асосида мустаҳкамлашга, уларни илмий ижодкорлик ва мустақил тадқиқотларга йўналтиришга қаратилган STEAM лаборатория марказларини ташкил этиш;

6) умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг халқаро баҳолаш тадқиқотларига (PISA, PIRLS, TIMSS) тайёрлаш ишларини янада кучайтириш;

7) 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб инклюзив таълимга жалб қилинган ўқувчилар мавжуд бўлган барча бошланғич синфларга “ассистент ўқитувчи” лавозимини жорий этиш;

8) умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини халқаро фан олимпиадалари ва мусобақаларига тайёрлашга ихтисослаштирилган Халқаро фан олимпиадалари захираси мактабини ташкил этиш;

9) 2020 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳри халқ таълими ходимлари меҳнатини қўшимча рағбатлантириш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ойлик маошларини ошириш чораларини кўриш назарда тутилган.

Мазкур тажриба ижобий натижа берса, уни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам жорий этиш режалаштирилган.

Таълим дастурлари ва дарсликларни такомиллаштириш

Таълим сифатини яхшилаш ва ўқувчиларнинг замонавий билим олиши учун Халқ таълими вазирлиги илғор хорижий тажриба асосида замонавий миллий таълим дастурини яратиш бўйича иш олиб бормоқда. Миллий таълим дастури асосида замонавий дизайн ва мазмунга эга дарсликлар босқичма-босқич ишлаб чиқилади. Бу йўналишда STEAM фанларини ўқитиш бўйича Президент мактаблари тажрибасини ёйиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига кўра, умумтаълим мактабларида “Тарбия” фанини жорий этиш режалаштирилган. Бу ҳам 23 августдаги видеоселекторда мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича ташкил этиш, “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона “Тарбия” фанини жорий қилиш топшириғига асосланади.

Мактабларимизда ўзбек тилини ўқитиш сифатини ошириш, ўқув дастурлари ва дарсликларни такомиллаштириш бўйича ҳам ислоҳотлар олиб борилади. Жумладан, ўзбек тилини билиш даражасини баҳолаш учун 4 та (эшитиш, ўқиш, ёзиш ва суҳбатлашиш) кўникмасига асосланган миллий баҳолаш тизимини яратиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мамлакатдаги барча мактаб ўқувчиларининг сифатли таълим олиши учун «Электрон таълим» лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 24

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.