Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Самарқанд вилоятида халқ таълими соҳасини тубдан такомиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди

2019.01.12 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятига ташрифидан сўнг, жорий йилнинг 12 январь куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иштирокида Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси раҳбарияти, бўлим бошлиқлари, туман, шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари билан Президентимизнинг Самарқанд вилоятида ўтказилган йиғилишдаги маърузасидан келиб чиқиб вилоят ва туман халқ таълими бўлимлари раҳбарларининг вазифалари ва шахсий масъулиятлари муҳокама этилди.

Шунингдек, Халқ таълими вазири Ш.Шерматов томонидан Президентимиз томонидан берилган топшириқлар, фармон ва қарорлар ижросини ўз вақтида таъминлаш, қолаверса, халқ таълими тизимида коррупцияга қарши курашиш, кам қувватли мактабларни коэффициенти юқори бўлган мактабларга бириктирган ҳолда тармоқ мактабларини ташкил этиш, таълим муассасаларида бюджетдан ташқари маблағ топиш имкониятларини кенгайтириш, бу борада муваффақиятларга эришган таълим муассасалари раҳбарларининг ишларини оммалаштириш, “Баркамол авлод” болалар марказларида замонавий тўгараклар очиш орқали уларда ўқувчилар қамровини ошириш каби масалалар алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Йиғилишда туман, шаҳар халқ таълими бўлими мудирларининг 2018-2019 ўқув йили давомида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича амалга ошираётган ишлари юзасидан тақдимотлари тингланди.

Тадбир якунида иштирокчиларнинг саволларига жавоблар қайтарилиб, келгусида таълим сифатини янги босқичга кўтариш ва ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқейини ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Муҳокама якунларида бир ой муддатда танқидий таҳлил асосида Самарқанд вилоятида халқ таълими тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиб, Вилоят ҳокимияти билан биргаликда тасдиқлаш ва унда, жумладан қуйидаги вазифаларни кўзда тутиш вазифаси белгилаб берилди:

278 та кам қувватли мактабларни тармоқ мактабларига айлантириш ҳамда давлат-хусусий шерикчилиги орқали хусусий мактаблар тармоғини ривожлантириш орқали самарадорлигини ошириш;

442 та 1,5 коэффициентдан юқори мактабларда, жумладан 193 та пахса ва хом ғиштли эски биноларда қайта ўқишни бошлашга мажбур бўлган мактабларда, тармоқ мактаблари яратиш, қўшимча ўқувчи ўринлари учун бинолар қуриш ҳамда бўшаётган касб-ҳунар коллежларини мактабларга айлантириш орқали ўқувчилар учун қулайликлар яратиш;

203 та мактаб филиалларидаги шароитларни босқичма-босқич яхшилаш ва уларни сонини оптималлаштириш ёки тўлақонли мактабга айлантириш;

282 та сув таъминотидаги муаммолари бор, 661 та атрофи тўлиқ ўралмаган, 731 та ошхонаси йўқ, 414 та спорт зали йўқ, 480 та иситиш тизимидаги камчиликлари мавжуд ҳамда 644 та тиббий пуктлари бўлмаган мактаблардаги шароитларни яхшилаш;

8650 нафар ўрта-махсус маълумотли ўқитувчиларни босқичма-босқич олий маълумотли ўқитувчилар билан алмаштириш, жумладан уларни махсус сиртқи курсларида ўқитиш орқали;

хусусий мактабларни камида 2 баробарга ошириш мақсадида уларга аҳоли турар жойларига қулай бўлган, жумладан, Ургут, Пайариқ, Пастдарғом, Тайлоқ, Жомбой, Оқдарё ва Самарқанд тумани марказларида ер майдонларини ажратиш чораларини кўриш.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 27

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.