Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Халқ таълим вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича ҳамкорлик қилади

2018.12.24 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш бўйича ҳамкорлик дастурини имзолади.

Дастур доирасида вазирликлар халқ таълими соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш ва қонун ҳужжатлари ижросини ташкил этиш, шунингдек, мазкур соҳага доир қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш, ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишда ўзаро ҳамкорлик қилади. Жумладан, томонлар халқ таълими муассасаларида ҳуқуқий саводхонлик бурчакларини ташкил этади.

Шу билан бирга, вазирликлар халқ таълими муассасалари ходимлари фаолиятини меҳнат қонунчилиги талабларига мувофиқ ташкил этишда ҳамкорлик қилиши белгиланган. Хусусан, томонлар Ўзбекистон бўйлаб халқ таълими муассасаларида коррупцияга қарши курашиш ва “одоб-ахлоқ” ойлигини ўтказиш ҳамда коррупция ҳақида тезкор ва аноним хабар бериш тизимини такомиллаштириш бўйича иш олиб боришни режалаштирган.

Халқ таълими вазирлигига ўқитувчи обрўси, шаъни ва қадр-қимматини ошириш вазифаси юклатилган. Дастур доирасида вазирликлар ушбу йўналишда ўқувчилар ва ота-оналар иштирокида тадбирларни амалга оширади.

Ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган халқ таълими соҳасидаги камчиликлар ҳамда юзага келаётган муаммолар бўйича тезкор муносабат билдириб боришда ҳам томонлар ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Шу билан бирга вазирликлар халқ таълими соҳасига доир қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини ёритиб беришга қаратилган тарқатма тарғибот материалларини тайёрлаш ва бошқа шу каби чора-тадбирларни амалга оширади.

Дастур доирасида “Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги”, “Одоб-аҳлоқ ойлиги” каби тадбирлар, мактабларда ҳуқуқий саводхонликни ошириш учун махсус дарслар ўтказиш режалаштирилган. Мактабларда бўлажак ҳуқуқшуносларни тарбиялаш дастурлари амалга оширилади.

Ушбу лойиҳа ҳуқуқий тарғибот соҳасида Халқ таълими ва Адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириши ҳамда бу борада қонун устуворлигини таъминланишига, шунингдек, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 21

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.