Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Олис ҳудудлардаги мактаб ўқитувчиларига устамалар белгилаш тўғрисида қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди

2018.12.20 | Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олис ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақига иш стажи учун устамалар белгилаш тўғрисида” қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида чоп этилди.

Ҳужжат Республиканинг олис тоғли ва чекка ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактаблари рўйхатини тасдиқлашни таклиф этади. Рўйхатга Қорақалпоғистон Республикаси ва саккиз вилоятдаги жами 193 мактабни киритилиши кутилмоқда.

Қарор лойиҳаси олис тоғли ва чекка ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақига иш стажи учун Давлат бюджети ҳисобидан устамалар берилишини қуйидаги тартиби белгилашни таклиф этади:

  • меҳнат стажига эга бўлмаган ёш мутахассислар – белгиланган базавий тариф ставкасининг 25 фоизи;
  • меҳнат стажи 1 йилдан 3 йилгача бўлган ўқитувчилар – белгиланган базавий тариф ставкасининг 50 фоизи;
  • меҳнат стажи 3 йилдан 5 йилгача бўлган ўқитувчилар – белгиланган базавий тариф ставкасининг 75 фоизи;
  • меҳнат стажи 5 йилдан ортиқ бўлган ўқитувчилар – белгиланган базавий тариф ставкасининг 100 фоизи.

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги олис тоғли ва чекка ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақига иш стажи учун устамалар берилишини доимий назоратга олишлиги кўзда тутилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари олис тоғли ва чекка ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақига иш стажи учун устамалар берилишини қатъий назоратга олиш ва жойларда олий ўқув юртлари битирувчилари билан учрашувлар ташкил этиб, уларни чекка ҳудудларда жойлашган, педагог кадрларга эҳтиёж мавжуд бўлган мактабларга жалб этиш, ёш мутахассисларга иш ва яшаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва таълим сифатини яхшилаш вазифалари юклатиш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги қарор лойиҳасини янада такомиллаштириш учун барча жамоатчилик вакилларини муҳокамаларга фаол иштирок этишга чақиради. Ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси 2019 йилнинг 4 январга қадар давом этади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 23

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.