Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Бугунги ўқувчи – эртага банк мижози!

2019.11.01 | Янгиликлар

Халқ таълими вазирлиги тизимидаги қатор таълим муассасаларида “Бутунжаҳон жамғариш куни” муносабати билан педагог ходимлар ҳамда ўқувчиларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, уларда молиявий ресурсларни жамғариш ва оқилона бошқариш кўникмаларини янада ривожлантириш мақсадида тадбирлар ташкил этилди.

Жорий йилнинг 30-31 октябрь кунлари республикамизнинг қатор умумтаълим муассасаларида тижорат банкларининг ҳудудий филиаллари билан ҳамкорликда тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилди.

Жумладан, акциядорлик-тижорат “Қишлоқ қурилиш банк”ининг минтақавий филиаллари ходимлари мактабларда “Очиқ дарс”лар ўтказди. Ўқувчиларга жамғариш сирлари, банкнинг жамғариш имкониятлари, банк фаолиятининг асосий мақсадлари ва йўналишлари ҳақида тушунчалар берилди.

Мактаб ўқувчилари иштирокида “Менинг жамғариш сирим” мавзусида иншо ва расмлар танловлари ўтказилди. Танлов ғолиб ва совриндорлари банк филиаллари томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бундан ташқари, “Қишлоқ қурилиш банк” филиалларида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил қилинди. Мактаб ўқувчилари филиалларга ташриф буюриб, банк фаолияти ва мижозлар билан ишлаш жараёни билан танишди. Кўрсатилаётган замонавий хизмат ва технологиялар ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Эътиборлиси, тадбирларни ўтказишда тижорат банкларининг ҳудудий филиаллари ҳам фаоллик кўрсатди. Хусусан, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Навоий бўлими ходимлари Навоий шаҳридаги 1-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида юқори синф ўқувчилари билан учрашув ташкил этиб, дарс машғулотлари ўтказди.

Мактабнинг 10-синфида 31 октябрь – Халқаро жамғарма куни муносабати билан уюштирилган дарсда банк томонидан кейинги йилларда мижозларга хизмат кўрсатиш, замонавий хизмат турларини йўлга қўйиш, омонатларни қўйиш тартиби ва турлари хусусида батафсил маълумот берилди.

– Ўқувчи ёшларнинг банк тизими ва иқтисодий ривожланишда банк-молия муассасаларининг ўрни хусусида билимларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, – дейди банкнинг Навоий бўлими корпоратив бошқарувчиси Лазиз Холмедов. – Бугунги кун ёшлари зукко ва изланувчанлиги боис, бу борада бошланғич билимларни эгаллашга улгурган. Мулоқотларда ўз фикрини эркин ифода этиб, электрон пул айланмаси, валюта турлари, тўлов дастурлари ва бошқа дастурий маҳсулотларнинг афзалликлари хусусида мулоҳазаларини билдирмоқда. Тақдимот тарзида ўтказилган дарсда фаол иштирок этган ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Хулоса қилиб айтганда, ўтказилган тадбирлар ўқувчиларни банк тизими билан янада яқинлаштиришга, банклар фаолияти ҳақида кўпроқ маълумотларни билиш имконини бергани билан янада аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 20

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.