Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Ўқувчиларнинг молиявий саводхонлиги оширилади

2019.10.26 | Янгиликлар

Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамкорлигида “Бутунжаҳон жамғариш куни” (31 октябрь) муносабати билан аҳолининг, хусусан, педагог ходимлар ҳамда ўқувчиларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, уларда молиявий ресурсларни жамғариш ва оқилона бошқариш кўникмаларини янада ривожлантириш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. 

Мазкур чора-тадбирлар асосида жорий йилнинг 30-31 октябрь кунлари республикамизнинг бир қатор умумтаълим муассасаларида тижорат банкларининг ҳудудий филиаллари билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этилади. Бунинг учун республикамизнинг барча ҳудудларидан 132 та банк филиаллари умумтаълим мактабларига бириктирилди. 

Тадбир доирасида республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган тижорат банкларининг малакали мутахассислари томонидан умумий ўрта таълим мактабларида “Омонатлар нима ва нима учун уларга эҳтиёж бор?”, “Нақд пулсиз тўловлардан фойдаланишнинг афзаллиги” каби долзарб мавзуларда очиқ дарслар ташкил этилади.

Бундан ташқари, тадбир давомида умумий ўрта таълим мактаб ўқувчилари учун тижорат банкларида “Очиқ эшиклар куни” ўтказиш режалаштирилган.

Ўқувчиларнинг молиявий саводхонлиги ҳамда уларнинг иқтисодий-молиявий билимларга қизиқишини янада ошириш мақсадида мактаб миқёсида турли танловлар ташкил этилади. Жумладан, 10-14 ёшли ўқувчилар ўртасида “Нима учун маблағларингизни тежаяпсиз?”, 14-18 ёшли ўқувчилар ўртасида “Нима учун жамғариш зарур?” мавзуларида иншолар танлови, 8-10 ёшли ўқувчилар ўртасида “Пул: Нима учун маблағ тўплашни хоҳлайман?”, “Менинг орзулар банким”, “Менинг бизнес ғоям” каби мавзуларда расмлар танловини ўтказиш белгиланган. Болалар томонидан қўл меҳнати билан ясалган энг яхши пул тўплагичлар  алоҳида баҳоланади.

Тадбирлар давомида энг билимли, ижодкор ўқувчилар совғалари билан рағбатлантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 20

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.