Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Тўрақўрғонлик тадбиркор мактабга футбол майдони қуриб берди

2019.10.23 | Янгиликлар

Тўрақўрғон туманидаги 9-умумтаълим мактабида 552 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мактаб ўқувчиларининг спортга қизиқиши баланд.

Мазкур таълим масканида бир неча йиллардан буён спортнинг баскетбол, волейбол, қўл тўпи, енгил атлетика, стол тенниси сингари ўнга яқин турлари бўйича тўгараклар фаолият юритиб келади. Президентимизнинг ёшларнинг камоли ва истиқболига қаратилган беш муҳим ташаббуси асосида тўгараклар сони шахмат, футбол машғулотлари билан янада бойиди.

Мазкур илм масканида сабоқ олган тадбиркор, Тўрақўрғон футбол мактаби асосчиларидан бири Зокиржон Аҳмадалиев 200 миллион сўмга яқин ўз маблағи ҳисобидан ўқувчилар учун сунъий қопламали футбол майдони қуриб берди.

- Шу мактабда сабоқ олганман, - дейди тадбиркор. - Фарзандларимиз ҳам шу даргоҳда ўқишди, эндиликда набираларимиз таҳсил олишмоқда. Ёшларнинг соғлом, ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайиши биз катталар учун жуда муҳим ҳисобланади. Ўзини келажакка дахлдор деб билган инсон борки, фарзандларининг етук камол топишига ҳисса қўшиши керак. Ўқувчиларга ушбу стадионни туҳфа этиш орқали олдимга қўйган эзгу мақсадимга эришдим.

Тўрақўрғонда мустаҳкам пойдеворга эга бўлган футбол мактаби мавжуд. Айни пайтда фаолият олиб бораётган “Одил жуниор” футбол мактабининг одимлари ҳам шунга ҳамоҳанг бўлиб, мазкур мактаб Испания, Германиядаги машҳур клублар билан ҳамкорлик ўрнатган. Испаниянинг “Атлетико Мадрид” клуби ўйинчиси Кико мактабга ташриф буюриб, бўлажак футболчиларнинг машғулотларини кузатган, ўз тавсияларини берган. Шу йилнинг ноябрь ойида Италиядан мураббий ва мутахассислар келиши кутилмоқда. Хорижлик мутахассислар ҳамроҳлигида 2010 йилда туғилган ўсмирлар ҳам ташриф буюришади. Улар билан Тўрақўрғон футбол мактаби ўқувчилари ўртасида турнир ўтказиш режалаштирилган.

Куни кеча фойдаланишга топширилган ва очилиш маросими катта спорт байрамига айланиб кетган янги футбол майдонидаги машғулотларда ўқувчилар тобланишмоқда. Ёшларга бўлган бу каби эътибор келажагимиз эгаларининг спортга бўлган иштиёқини янада ошириб, улар орасидан чемпионлар етишиб чиқишига хизмат қилмоқда.

Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси
Ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 28

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.