Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Халқ таълими вазири У.И.Иноятовнинг маърузаси

2018.02.05 | Маърузалар

У.Иноятов маърузаси

Матбуот анжумани

Миллий матбуот маркази

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 25 январдаги ПФ-5313-сон Фармонининг мазмун-моҳияти тўғрисида

 

Ассалому алайкум, анжуман иштирокчилари, ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Халқ таълими тизимида сўнгги бир йилда олиб борилган ислоҳотлар, қолаверса, Муҳтарам Президентимиз томонидан тавсия этилиб, халқимиз томонидан тўла қўллаб-қувватланган 11 йиллик таълим тизимининг жорий этилиши, ушбу масала юзасидан олиб борилган тайёргарлик жараёни, мактабларнинг моддий-техник базаси, ўқув ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш, дарслик ва қўлланмалар яратиш, кадрлар билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар натижалари ва олдимизда турган вазифаларга тўхталиб ўтсам.

Биз бундан 20 йил олдин таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини жамиятда амалга оширилаётган янгиланиш, ривожланган демократик ҳуқуқий давлат қурилиши жараёнларига мослашга йўналтирилган “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”ини қабул қилиб, амалга оширишни бошлаган эдик.

Ўтган вақт даврида таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Деярли барча умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг бино ва иншоотлари тўлиқ янгидан қурилди, ўқув устахоналари, лабораториялари замонавий асбоб ускуналар билан жиҳозланди, малакали мутахассислар билан таъминланди, республика иқтисодиёти соҳалари ва тармоқлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш механизми жорий этилди. Ишлаб чиқариш ва кадрлар тайёрлаш тизими ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Энг асосийси ёшларимизнинг эртанги куни учун замин тайёрлайдиган, унинг келажагини белгилаб берадиган, ўзи қизиққан, иқтидори ва қобилиятига мос касб эгаси қилиб етиштириш ва ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш тизими йўлга қўйилди.

Лекин вақт ўтиши, замон ўзгариши, глобаллашув даврида барча соҳаларда бўлгани каби, таълим тизимини ислоҳ қилиш жараёнида бир қатор камчиликлар ва муаммолар юзага чиқа бошлади.

Миллий менталитет ва анъаналарнинг ўзига хос хусусиятларини тўлиқ инобатга олмасдан жорий этилган ўрта махсус, касб-ҳунар тизими ота-оналарнинг ўсмир ёшидаги фарзандларини, айниқса, қизларни, яшаш жойидан узоқ масофада жойлашган коллежларга ўқишга юборишга мослаша олмаганлиги сабабли ўзини оқламади.

Умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари эндигина 14-15 ёшга кирган болалар ўсмирликка ўтаётган вақтда 9 йил бирга ўқиган, ўрганган жамоасидан ажралиб, янги жамоага мослашиши жуда қийин кечди.

Касб-ҳунар коллежларига турли мактаблардан келган ҳар хил характерли ўқувчилар ва коллеж ўқитувчилари бир бирларини  ўрганиб олгунларигача анча вақт ўтиб кетяпти. Бу орада айрим ўқувчиларнинг тарбияси салбий томонга ўзгариб, назоратдан чиқиб кетди.

Ўқувчиларнинг яшаш жойларидан анча узоқдаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга қатнаб ўқиши жараёнида маҳалла ва ота-оналар томонидан тизимли назорат қилиш имконияти чекланиб, уларнинг дарсга қатнаши, билими ва ўзлаштиришини назорат қилиш қийин кечди.

Оқибатда бугун фарзандларимиз ҳар куни касб-ҳунар коллежларига бориб келиш учун 25-30 километр масофани босиб ўтишга тўғри келмоқда. Бу эса таълим муассасаларида ўқувчилар давоматини кескин пасайиб кетишига олиб келди.

Энг асосийси 9-синф ўқувчилари ҳали мустақил шахс сифатида шаклланмаган бўлади, улар бу ёшда касб танлашга  ҳам жисмоний ҳам психологик жиҳатдан тайёр бўлмайди. Ота-онасининг, синф раҳбарининг ёки синфдошларининг тавсияси асосида касблар танлаш ҳолатлари кўп учрайди.

Шунинг учун, ҳукумат топшириғига асосан жойларда умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларининг ўз хоҳиш-истаклари асосида умумтаълим мактабларининг
10-синфлари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитишни ташкил қилиш, уларга касб-ҳунар ўргатиш имкониятлари махсус ишчи гуруҳлари томонидан ўрганиб чиқилди.

        Ўрганиш натижалари, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчиликнинг хохиш-истакларини инобатга олиб,
2017–2018 ўқув йилидан бошлаб мактабнинг 9-синф битирувчиларига ўзларининг ҳоҳиш-истаклари асосида мактабларнинг 10-синфларда ёки академик лицейлар ва коллежларда ўқишни давом эттиришларига имконият яратиб бериш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида
2017 йил 2 август ва 16 август кунлари бўлиб ўтган йиғилишларда умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалалари танқидий муҳокама қилиниб, унда берилган кўрсатмалар ва ота-оналарнинг хоҳиш истаклари асосида
11 йиллик мажбурий таълим жорий этилди. Бугунги кунда умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирган 467 минг нафар ўқувчилардан 284 минг нафари 10-синфда таълим олмоқда.

11 йиллик таълимнинг жорий этилиши муносабати билан жамиятни ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, олимлар, амалиётчи ўқитувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикри асосида 10-11-синфлар учун 12 та умумтаълим фанлари бўйича ўқув режалари қайтадан ишлаб чиқилиб, қатор ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, 11-синфда касб таълими орқали 50 га яқин касблар ўргатиш билан бирга “Тадбиркорлик асослари” фани ҳам ўқитилади.

Фан дастурлари асосида 10-синф ўқувчиларига умумтаълим фанларидан 18 номдаги дарсликлар 7 та тилда жами 9 053 046 нусхада чоп этилди ва жойларга етказилди.

Умумий ўрта таълим муассасалари 10-11-синф ўқувчиларининг таълим олишлари билан биргаликда уларга касб-ҳунар ўргатиш, ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда келажакда уларни таълимни давом эттиришлари ёки эгаллаган касблари бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишларига шарт-шароит яратиш, бунда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш ва уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синф ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 868-сонли қарори қабул қилинди.

Бугунги кунда 10-синф ўқувчилари республикамиз бўйича 470 та мактаб ва 1018 та касб-ҳунар коллежларида ташкил қилинган “Ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари”да
50 дан ортиқ касбларни ўрганишмоқда.

Шу ўринда касблар рўйхатига тўхталмоқчи эдим. Биз бу касблар рўйхатини ҳудудларнинг шарт-шароитидан ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастуридан, қолаверса, мутасаддилар ҳамда иш берувчи ташкилотлар мутахассислари билан биргаликда шакллантирдик. Яъни,
11-синф ўқувчиси мактабни тамомлагандан кейин эгаллаган ҳунари билан ўз ишини топа олишига максимал даражада эътибор қаратдик, реал вазиятни холис баҳолаган ҳолда мавжуд имкониятлардан келиб чиқдик.

Келгусида жамиятда, оилада ва кундалик турмушда зарур бўлган кичик тиббий ҳамшира, оилавий кичик ҳамшира, тарбиячи ёрдамчиси, ижтимоий соҳа кичик мутахассиси, дастурчи, тармоқ бошқарувчиси, веб дизайтери, компьютер графикаси ва шу каби бошқа касбларни ўргатилиши йўлга қўйилади.

Мажмуаларда касблар мураккаблигига қараб 1 ёки 2 йил давомида ўргатилади ва меҳнат бозоридаги эҳтиёжга асосан касблар ўзгариб туради.

10-11-синф ўқувчиларига ҳафтасига 1 кун 6 соатдан
2 йил давомида касбий таълим берилади. Битирувчиларга ўрта маълумот тўғрисида аттестат билан бирга касб малакаси бўйича давлат намунасидаги диплом берилади.

Шу билан бирга ўқувчиларга касбларга бўлган қизиқишни ошириш, касблар тўғрисида маълумотлар узлуксиз етказиш мақсадида умумтаълим мактабларининг 1-синфидан бошлаб касбга йўналтириш ишлари олиб борилади. 8-9-синфларда эса касбга йўналтириш алоҳида фан сифатида ўқитилади.

Муҳтарам Юртбошимизнинг умумтаълим мактаблари юқори синф ўқувчиларини касбга ўргатиш ишларини
9-синфдан бошлаш зарурлиги тўғрисидаги кўрсатмаларига асосан 2017-2018 ўқув йилининг 2-ярим йиллигидан бошлаб республиканинг ҳар бир ҳудудидан танланган (1 та коллеж ва
1 та мактаб) 28 та ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида 9-синф ўқувчиларига касб ўргатиш ишлари тажриба-синов тариқасида ўтказилмоқда.

Тажриба-синов натижалари асосида келгусида умумтаълим ўқувчиларига касб ўргатиш ишларини 9-синфдан бошлаш назарда тутилган.

Келгусида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур ПФ-5313-сон Фармони асосида мақбуллаштириладиган коллежлар базасида Ўқув ишлаб чиқариш мажмуаларини юридик мақомга эга ташкилот сифатида ташкил этилиши режалаштирилган.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари !

Барчангизга яхши маълумки, таълим сифатини таъминлашнинг асосий омиллардан бири бу педагог маҳоратидир. Яъни ўз касбининг устаси бўлган малакали ўқитувчигина ўқувчи қалбига йўл топиб, унга билим сирларини ўзлаштиришга ёрдам бера олади.

Шу маънода, юртимизда 11 йиллик таълим тизимининг жорий этилиши муносабати билан олдимизда “Ким дарс беради?” деган масала кўндаланг турган эди.

Бу вазифани ҳал қилиш йўлида тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб, юзага келадиган эҳтиёжни қоплаш мақсадида олий таълим муассасаларининг 9526 нафар битирувчилари, шунингдек, академик лицей ва коллежларда дарс соатлари қисқарган 12 минг нафардан ортиқ умумтаълим фанлари ўқитувчиларини ишга қабул қилинди.

10-синфларида дарс берадиган фан ўқитувчиларга умумтаълим мактабларининг 10-синфлар учун ўқув режа, малака талаблари, ўқув дастурлари ва дарсликларнинг мазмун-моҳияти етказиш мақсадида ўқувлар ташкил этилди.

Умумтаълим мактабларида Халк таълими тизимида фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари совриндорлари, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг туман, вилоят ва республика босқичи ғолиблари, олий тоифали ўқитувчилар томонидан замонавий билим бериш усуллари юзасидан тажриба алмашишга қаратилган маҳорат дарслари ташкил этиб келинмоқда.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари

Барчангизга маълумки, келгуси ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 284 минг 10-синф ўқувчилари 11-синфга ўтади. Жорий йилда 9-синфни 475 минг ўқувчи тугатади.  Уларининг 5-7%и академик лицейга танлов асосида ўтса, қолганлари тўлиқлигича 10-синфда ўқишни давом эттиради.

Шундай экан, Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил
22 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаси, 2018 йил 3 январда ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури вазифаларидан келиб чиқиб, вазирлик томонидан таълим-тарбия сифатини оширишга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унга кўра,

таълим жараёнига хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари ва ўқитишнинг инновацион методлари ҳамда ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этган ҳолда 11-синф ўқувчилари учун 20 номдаги 9,7 млн нусха дарсликлар яратилади. Бугунги кунда мазкур дарсликларнинг макетлари тайёрланиб бўлинди.

10-11-синф ўқувчиларига касб ўргатиш учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича мактабларда ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларининг 489 та синфлари
18 йўналишдаги зарур жиҳозлар билан таъминланади.

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари,

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан қўйилган вазифаларни сифатли бажариш ва ўз ечимини кутаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш учун Халқ таълими вазирлиги 2018 йилнинг устувор вазифалари этиб қуйидагиларни белгилаб олган.

1. Таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар ва замон талабларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

2. Таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган педагог кадрларнинг ижтимоий нуфузини ошириш, жамиятда педагогик фаолиятнинг обрўсини юксалтириш, педагогларни ёшларга намуна ва ўрнак даражасига кўтариш.

3. Умумий ўрта таълим мактабларида ижтимоий тенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар учун кўп вариантлилик асосида ўқувчилар мактаб формасини жорий этиш ва ота-оналарга фарзандлари учун мактаб формасини лизинг асосида бериш чораларини кўриш.

  1. Босқичма-босқич ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларни махсус сиртқи бўлимларда ўқитиш орқали мактабларни олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш, олис ва тоғли ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактабларидаги кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда мақсадли қабулни ташкил этиш;

5. Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида ўқувчиларга касбий таълим бериш, республика иқтисодиёти тармоқлари учун зарур мутахассисларни тайёрлаш учун иш берувчиларнинг таклифига асосан мажмуаларда ўқувчиларга ўргатиладиган касблар рўйхатини меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида доимий равишда янгилаб бориш.

6. Аниқ, табиий, ижтимоий, гуманитар фанларга, хорижий тилларга ва бошқа йўналишларга ихтисослашган синфлар тармоғини кенгайтириш.

7. Такомиллаштирилган давлат таълим стандартларини амалиётга самарали жорий этиш, дарсликларнинг янги авлодларини яратиш ҳамда ўқитувчилар ва ота-оналар учун методик қўлланмалар ишлаб чиқиш.

8. Ибройим Юсупов, Зулфия ва Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаблари ҳамда айрим фанларга ихтисослаштирилган мактабларнинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш.

9. Болаларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш, умумтаълим мактаблари ахборот ресурс марказлари ва кутубхоналарини бадиий адабиётлар билан тўлдириш чораларини кўриш.

10. “Баркамол авлод” болалар марказларида ташкил этилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида 2018-2022 йилларга мўлжалланган устувор тадбирлар концепциясини ишлаб чиқиш.

11. Спортнинг 21 тури бўйича “Умид ниҳоллари - 2018” спорт мусобақаларининг финал босқичини жойларда “Ёшлик ва спорт байрами” сифатида ташкил этиш.

Бир сўз билан айтганда, Муҳтарам Президентимиз бизнинг олдимизга вазифа қилиб қўйган  замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўсиб келаётган ёш авлодга умумтаълим фанлари, касб-ҳунар ва чет тилларини ўргатиш, келгусида юртимиз равнақига ўз ҳиссасини қўша оладиган авлодни камол топтириш, жонажон Ватанимиз манфаатларини жаҳон миқёсида муносиб ҳимоя қила оладиган ёшларни вояга етказиш йўлидаги ишларимиз ҳали кўп.

Бу ишларни амалга оширишда муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, “янгича ёндашувлар асосида ишлаш, оддий одамларнинг ташвиши билан яшаш, топширилган вазифани бажаришда жавобгарликни ҳис қилиб, фидойилик намунасини кўрсатиш – бугунги кунда фаолиятимизнинг бош мезони бўлиши зарур. Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт”.

Бу йўлда Сиз азиз ОАВ вакиллари билан доимо узвий ҳамкорликда ишлаймиз деган умиддаман.

Эътиборингиз учун раҳмат!!!

 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 28

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.