Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

2019-2020 ўқув йили “Таълимда ислоҳот: ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик” шиори остида ўтади

2019.08.16 | Янгиликлар

15 август куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида 2019-2020 ўқув йилига бағишланган Август кенгашлари ўз ишини бошлади.

Видеоселектор тарзида ташкил этилган йиғилишни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов очиб берди.

Ўз нутқида Халқ таълими вазири мамлакат ривожи учун таълим жуда муҳимлигини ҳисобга олиб, тизимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли катта ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Жумладан, ўқитувчиларнинг ойликлари оширилгани, иқтисод ўсишига қараб, келгусида ҳам бу иш давом этишини маълум қилди. Шу билан бирга, педагогларга мамлакатимизда охирги 3 йилда бўлаётган ўзгаришларга бефарқ бўлмай, ёшларни ватанпарвар ва мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўша оладиган мутахассислар этиб таълим бериш энг муҳим вазифалардан эканлигини айтиб ўтди. 

Шунингдек, вазир мактабда тил ўқитилишига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, мактаб битирувчилари давлат тили, рус тили ва хорижий тиллардан бири, мисол учун инглиз тилини билиши керак. Шу билан биргаликда, битирувчилар келгуси ҳаётида муваффақиятга эришиши учун замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларига эга бўлиши муҳим.

Йиғилишда сўзга чиққан Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар ва устувор вазифалар ҳақида маълумот берди. Жумладан, жорий йилда баъзи дарсликлар мазмун жиҳатдан янгиланган ва янги форматда чоп этилган. Янги дарсликлар ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган. Дарсликларнинг электрон вариантлари eduportal.uz ахборот таълим порталига янги ўқув йили бошланишига қадар жойлаштирилади.

Алишер Умаров жорий йилда илк бора дарсликлар захираси яратилганини айтиб ўтар экан, ўқув йили бошида ҳар бир ўқувчи керакли дарсликлар билан тўлиқ таъминланган бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади. Дарсликларни ўқувчиларга вақтида етказмаганларга нисбатан интизомий чоралар кўрилишини билдирди.

Маълумотларга кўра, 1-, 3-, 8-, 9-синфларга тўлиқ тўпламда, 2-, 4-синфларга чет тили машқ дафтарлари, 7-синф учун чет тили дарслик ва методик қўлланмалар, 6-синф ихтисослаштирилган мактаблар учун физика ҳамда 7-8-синф ихтисослаштирилган мактаблар учун алгебра дарслиги, жами 479 номдаги 36,5 млн. нусха дарсликлар нашр қилинди ва мактабларга етказилмоқда.

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари сўзларига кўра, Президентимиз ташаббуси билан юртимизда китоб ҳадяси акцияси ташкил этилди ва мактабларга 2,6 млн. нусхада турли номдаги китоблар совға қилинди. Алишер Умаров педагогларни мактабларда болаларнинг китобхонлик маданиятини шакллантириш бўйича амалий чоралар кўришга чақирди.

Халқ таълими вазирининг 2019 йил 6 августдаги “2019-2020 ўқув йили Август кенгашларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида”ги 255-сонли буйруғига асосан Республика ўқув-семинари видеоконференция шаклида жорий йилнинг 15-16 августда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, шунингдек, барча вилоятлар ҳудудий ўқув-семинарлари 19-20 август ҳамда туман (шаҳар)ларда фан йўналишлари бўйича шўъба йиғилишлари ва ялпи йиғилишлар  22-24 август, умумий ўрта таълим муассасаларида эса педагогик кенгашлар 27-28 август кунлари ўтказилиши белгиланди.

Илк бора анъанавий Август кенгашларини ўтказишга ноанъанавий ёндашилди ва ташкилий, услубий жиҳатдан мутлақо инновацион ечимлар қўлланилди.

Биринчидан, халқ таълими тизимининг энг долзарб 17 та мавзулари бўйича ташкил этилаётган Август кенгашининг онлайн конференциясида 14 та вилоят халқ таълими бошқармалари ҳамда 200 та туман (шаҳар)лар студияларидан 15 август куни 9 та йўналиш бўйича 72 295 нафар, 16 август куни 8 та йўналиш бўйича 59 664 нафар, жами 131 959 нафар халқ таълими ходимлари, жумладан, раҳбарлар, фан ва бошқа йўналиш методистлари, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳудудий марказларининг профессор-ўқитувчилари, психолог ва тренер-ўқитувчилар иштирок этади.

Бундай ташкилий ечим иштирокчилар сонини бир неча бор ошириш билан бирга вилоят марказидан узоқда жойлашган туман (шаҳар)лардан иштирокчиларнинг келиб-кетиш харажатлари, ҳаракатланиш хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларни ечади.

Иккинчидан, янги ўқув йили олдидан ўтказиладиган бу йилги анъанавий Август кенгашида:

  • 2019-2020 ўқув йилида таълим муассасаси ва педагоглар олдида турган вазифалар ҳамда таълим тизимининг истиқболлари;
  • Умумий ўрта таълим мазмуни: 2019-2020 ўқув йили таянч ўқув режаси, ўқув дастур ва дарсликлардаги ўзгаришлар;
  • Бошланғич таълимда интерактив таълим муҳити;
  • Филология фанларини ўқитишда инновацион ёндашув;
  • Совершенствование обучения русскому языку в современных условиях;
  • Табиий ва иқтисодий фанларни ўқитишда “STEAM” ёндашув;
  • Аниқ фанларни ўқитишда интегратив ёндашув;
  • Чет (инглиз, немис, француз) тилларини ўқитишда илғор педагогик ва “CLIL” методлар;
  • Ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитишда сифатни таъминлашнинг методик асослари;
  • Амалий фанларни ўқитишда креатив ёндашув;
  • Мактаб раҳбарлари-таълим менежерларини тайёрлашнинг долзарб масалалари;
  • Таълим жараёнига ахборот коммуникация технологияларини жорий этишнинг стратегик жиҳатлари;
  • Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг мақсадли кўрсаткичлари;
  • Ўқувчилар натижаларини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларда иштирок этишга тайёргарлик кўриш масалалари;
  • Таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, фазилатли янги авлодни шакллантириш ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш;
  • Психологик хизмат соҳасидаги ислоҳотлар ва долзарб вазифалар;
  • Инклюзив таълимнинг замонавий тенденциялари;

Замонавий мактаб: таълим траекторияси ва янги касблар компаси мавзуларида модераторлар томонидан онлайн тақдимот қилинади ва видеоресурс тайёрланади.

Учинчидан, Август кенгашлари учун сифатли, замонавий методик ресурслар тайёрлаш ва ҳар бир ўқитувчига етказишга ҳам инновацион ёндашилади. Жумладан, методик ресурслар, меъёрий ҳужжатлар жамланмалари, намунавий дарс ишланмалари, ўқув топшириқлари, методик тавсиялар ва тақдимотлар электрон ахборот ташувчига ёзилиб,  ҳар бир ҳудудга етказилади.

Август кенгашлари материаллари Халқ таълими вазирлигининг uzedu.uz расмий сайти, eduportal.uz ахборот таълим портали, Республика таълим марказининг rtm.uz, А.Авлоний номидаги ХТТРМХҚТМОИнинг avloniy.uz, Халқ таълими соҳасида АКТни ривожлантириш марказининг ciciti.uz расмий сайтларига жойлаштирилади.

Тўртинчидан, Республика семинари тренерларининг тақдимотлари махсус студияда видеотасвирга олиниб, жойларга етказиб берилади ва улар ҳар бир мактабнинг педагогик кенгашларида намойиш этилади. Бу эса ўқитувчиларни ҳаққоний ва сифатли тавсиялар билан таъминлашга имкон яратади.

Қолаверса, ҳар бир йўналиш бўйича тайёрланган методик тавсиялар оммавий ахборот воситалари(газета ва журналлар)да чоп этилади.

Бешинчидан, педагоглар ва кенг жамоатчилик билан қайта алоқани таъминлаш мақсадида ижтимоий тармоқ имкониятларидан фойдаланилади.  Жумладан, Республика таълим маркази томонидан ташкил этилган телеграмм каналлари, чатлар орқали методистлар онлайн консультацияларда саволларга жавоб беради.

Республика семинарида иштирок этган 131 959 нафар иштирокчилар ичидан  19-20 август кунлари туман (шаҳар) семинарини ташкил этиш учун танлаб олинган 17 545 нафар тренерлар ўқитилади. Вилоятда тайёрланган тренерлар томонидан 22-24 август кунлари туман (шаҳар) миқёсида семинарлар ташкил этилиб,  унда 228 мингга яқин педагоглар иштирок этишади. Мазкур жараёнларни юқори савияда ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида вазирлик ва таълим маркази мутахассислари ҳудудларга юборилади.

Ҳудудларнинг анъанавий Август кенгашлари ялпи йиғилишларига туман (шаҳар) ҳокимлиги масъул ходимлари, ҳокимлик таркибидаги тузилмалар раҳбарлари, жойларда фаолият кўрсатаётган турли давлат ва нодавлат ташкилотлар, жамғармалар ҳамда ҳомий ташкилот вакиллари, халқ таълими соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, ҳозирги кунда нафақада бўлган устоз-муаллимлар ва «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танлови ғолиблари, ёш ўқитувчилар таклиф этилади.

Тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида мактаб педагогик кенгашлари ўтказилади ва Август кенгашининг методик маҳсулотлари ҳар бир ўқитувчига етказилади ҳамда амалиётга жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 27

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.