Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Фарғонада 139 нафар мактаб битирувчиси олтин медаль соҳиби бўлди

2019.06.22 | Янгиликлар

Фарғонада умумтаълим мактабларини аъло баҳоларга битирган, ҳар жиҳатдан намуна бўлган ўқувчиларга олтин ва кумуш медаллар тантанали равишда топширилди. Битирувчиларнинг 139 нафари олтин, 126 нафари эса кумуш медаль соҳиби бўлди.

Фарғона вилоятида бугунги кунда 916 та умумтаълим мактаби фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларда ёшларнинг замонавий билим эгаллаши учун барча шароит яратилган. Бу йил шаҳар ва туманларда 28 минг 221 нафар ўғил-қиз умумтаълим мактабини тамомлади. Умумтаълим мактабларини олтин ва кумуш медалга тамомлаган ўқувчиларни тақдирлаш маросими катта шодиёнага айланди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Қосимов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи М.Турдиматов битирувчиларни олтин ва кумуш медаллар билан қутлаб, уларга келгусида устозлари ва ота-оналари ишончини оқлаши, жамият учун муносиб ворислар бўлиб етишишида оқ йўл тилади.

– Ушбу эришган ютуғим учун жонкуяр устозларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди Тошлоқ туманидаги 2-умумтаълим мактаби битирувчиси Моҳинур Боқижонова. – Бугунга қадар спортнинг эркин кураш йўналишида кўплаб муваффақиятларга эришдим. Келажакда янада юқори марраларни забт этиб она юртимиз нуфузини дунёга ёйиш ниятим бор.

Фарзанди эришган марралар ота-оналар қалбини ҳам тоғдай юксалтиради. Буни ўғил-қизлари ютуғидан қувонаётган, устозларнинг масъулиятли ва заҳматли меҳнатларига ташаккур айтаётган ота-оналарнинг дил сўзларидан ҳам билиш мумкин.

– Набирам Гуласал Омонжонова туманимиздаги 9-умумтаълим мактабини олтин медаль билан тугаллаганидан бошимиз кўкка етди, – дейди Тошлоқ туманидан келган фахрий ўқитувчи Эътиборхон Собирова. – Оилавий математиклар бўлганимиз боис, у ҳам бошқа фанлар қатори математика, тарих, чет тилларини жуда яхши ўзлаштирган. Келажакда фанни яна ҳам ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшиш ниятида. Биз эса уни ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз.

Шунингдек, тадбир давомида турли мусобақалар, кўрик-танловлар, фан олимпиадалари ва “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорлари тақдирланди.

ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 26

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.