Вазирлик фаолияти бЎйича телефон рақами (+99871)2394077

Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиа-тур

2015.03.17 | Янгиликлар

 

Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиа-тур


Халқ таълими вазирлиги томонидан пойтахтимизнинг  Олмазор туманидаги 249-умумтаълим мактабида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун бошланғич синфларда чет тилларининг ўқитилиши масалаларига бағишланган медиа-тур ташкил этилди.
2015 йилнинг 12 январидан 20 мартига қадар 3-синфлар учун чет тилларидан яратилган дарслик мажмуалари тажриба-синовдан ўтказилмоқда. Тадбир давомида журналистларга дарслик мажмуалари тажриба-синов жараёни билан таништирилди. Тажриба-синов ҳамда амалиёт натижаларига асосан бу дарслик мажмуалари янада такомиллаштирилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу йўналишда янги босқични бошлаб берди.

Узлуксиз таълим тизими учун халқаро талабларга таянган ҳолда чет тилларидан янги давлат таълим стандартлари ва бошланғич синфларда ҳафтасига икки соат чет тилини ўқитишни назарда тутган янги ўқув режаси ишлаб чиқилди. 2013-2014 ўқув йилидан бошлаб барча умумтаълим мактабларининг 1-синфларида чет тили фанини ўқитиш йўлга қўйилди.

Жорий ўқув йилида мактабларда 27 минг 342 нафар чет тили ўқитувчиси фаолият кўрсатмоқда. Қишлоқ жойлардаги таълим масканлари педагогларининг ойлик тариф ставкаларига 30, бошқа таълим масканларидаги чет тили ўқитувчиларига 15 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланмоқда.

Ўтган даврда чет тиллари кабинетларини замонавий ахборот-коммуникация, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлари билан жиҳозлашни жадаллаштириш дастури доирасида 6550 бошланғич синф жиҳозланди. 2015 йилда 5286 бошланғич синфхонасини жиҳозлаш кўзда тутилмоқда. Ўтган ўқув йилида 17 минг 222 синф ўқув адабиётлари, луғат ва DVD магнитолалар билан жиҳозланди.

2015 йилдан бошлаб амалдаги малака ошириш тизимига қўшимча равишда ҳафтада бир марталик узлуксиз малака ошириш курслари йўлга қўйилди. Доимий ишлайдиган мазкур курсларга бир йилда 20 минг нафар ўқитувчи қамраб олинади.

Чет тиллари бўйича таянч мактабларда олий таълим масканлари, малака ошириш институтларининг тажрибали мутахассислари, тренер ўқитувчилар иштирокида «Маҳорат мактаблари» фаолияти йўлга қўйилди. Шу билан бирга, умумтаълим мактаблари ва «Баркамол авлод» болалар марказларида 2, 3, 4-синфлар учун чет тиллари бўйича тўгарак машғулотлари олиб борилмоқда.

Тадбир доирасида иштирокчилар ўқитувчиларнинг малака ошириши, чет тилларни 1-2-синфларда ўқитилиши билан бирга 3-синф учун яратилган янги дарсликнинг тажриба-синовдан ўтказилиш жараёни, инглиз тили бўйича фан тўгараклари фаолияти билан яқиндан танишди.
 

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 22

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.